— Маҳалладаги ишсиз фуқароларнинг аксарияти ишсизлик нафақаси ҳақида маълумотга эга эмас. Қонунчилик бўйича кимлар ишсиз деб эътироф этилади? Уларга қандай миқдорда нафақа тўланади? Ишсизлик нафақасига солиқ солинадими?
Толибек КАМОЛОВ,
Хўжайли туманидаги
“Муртазабий” маҳалласи раиси.
Наргиза ФАХРИДДИНОВА,
Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги юристконьсулти:
— “Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги қонунга кўра, ўн олти ёшдан то пенсия ёшигача бўлган, ҳақ тўланадиган ишга ёки даромад келтирадиган машғулотга эга бўлмаган, иш қидираётган ва таклиф этилган ишга киришга тайёр бўлган, ишга жойлашиш учун меҳнат органига мурожаат қилган ва иш қидираётган шахс сифатида рўйхатга олинган меҳнатга лаёқатли фуқаролар ишсиз, деб эътироф этилади. Улар ишсизлик нафақаси олиш ҳуқуқига эга. Бу нафақага солиқ солинмайди. Нафақа 12 ойлик давр ичида кўпи билан 26 календарь ҳафта (6 ой) давомида тўланади.
Унинг миқдори қуйидагича:
- ишдан ва иш ҳақидан сўнгги ўн икки ойлик давр ичида маҳрум бўлган шахсларга — аввалги иш жойидаги ўртача ойлик иш ҳақининг эллик фоизи миқдорида, лекин меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдоридан (МҲТЭКМ — 980 000 сўм) оз бўлмаган ва нафақани ҳисоблаш пайтида Ўзбекистон Республикасида таркиб топган ўртача иш ҳақидан ортиқ бўлмаган миқдорда;
- ишдан ва иш ҳақидан маҳрум бўлган ҳамда узоқ (бир йилдан ортиқ) танаффусдан кейин меҳнат фаолиятини қайта бошлашга ҳаракат қилаётган шахсларга — МҲТЭКМнинг бир баравари миқдорида;
- илгари ишламаган ва биринчи марта иш қидираётган шахсларга — МҲТЭКМнинг камида етмиш беш фоизи миқдорида.