— Фуқаролар ўзаро олди-берди ва савдо муносабатларида баъзан келишмовчилик учраб туради. Масалан, сотиб олган маҳсулоти сифатсиз ёки яроқсиз экани аниқланади. Бундай ҳолатлар бўйича маҳаллага ҳам аҳолидан мурожаатлар келиб туради. Агар сотувчи маҳсулотни қайтариб олмаса ёки бошқасига алмаштириб бермаса, низо суд орқали ҳал этилади. Аммо кўп ҳолларда харидор маҳалладошларимиз давлат божи тўлашдан қочиб, судга мурожаат этишмайди. Айтингчи, агар моддий аҳволи яхши бўлмаган фуқаро ўз ҳуқуқини талаб қилса, давлат божидан озод этиладими?
Ёдгорали МИРЗАТИЛЛАЕВ,
Олтиариқ туманидаги
“Беглар” маҳалласи раиси.
Акрам АРИПОВ,
Олий суд бош консультанти:
— Ўзбекистон Республикасининг “Давлат божи тўғрисида”ги қонунининг 8-моддасига асосан, фуқаролар бир қатор даъволар юзасидан фуқаролик ишлари бўйича судларда давлат божини тўлашдан озод қилинган.
Жумладан, тадбиркорлик субъектлари тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ бўлган ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини бузадиган давлат органлари ҳамда бошқа органларнинг қарорлари, улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан судга мурожаат қилганда, истеъмолчилар — ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилиши билан боғлиқ даъволар юзасидан, товарларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) хавфсиз бўлиши ва сифати устидан назоратни амалга оширувчи давлат органлари ва истеъмолчиларнинг жамоат бирлашмалари — истеъмолчиларнинг (истеъмолчилар номуайян доирасининг) манфаатларини кўзлаб бериладиган даъволар давлат божидан озод қилинади.