— Биламизки, кўп қаватли уйлар жойлашган маҳаллаларда хизмат кўрсатувчи ширкат (ЖЭК) ва компаниялар билан аҳоли ўртасида зиддиятлар учраб туради. Хизмат кўрсатувчилар уйма-уй тўлов талаб қилишса, хонадон эгалари бу маблағни нима учун беришлари тўғрисида савол беришади. Ўзи аслида кўп қаватли уйларга хизмат кўрсатувчи компания ҳамда ширкатларнинг мажбурияти нимадан иборат? Аҳолидан олинган маблағ эвазига қандай хизматлар кўрсатиш керак?
Муҳаммаджон БОЙХОНОВ,
Давлатобод туманидаги “Умид” маҳалласи раиси.
Аброрбек ЭЪЗОЗХОНОВ,
“Мадад” НТТ ҳуқуқшноси:
— Ўзбекистон Республикасининг “Кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисида”ги қонуннинг 8-моддасида кўп квартирали уйни бошқариш ширкат хўжалиги томонидан амалга оширилиш мумкинлиги белгилаб қўйилган.
Мазкур қонунга асосан ширкат уй-жойда яшовчи мулкдорларнинг розилиги асосида ташкил этилади. Низомида унинг ҳуқуқлари билан бир қаторда қуйидаги мажбуриятлари кўрсатиб ўтилган.
Умумий мол-мулкнинг, кўп квартирали уйларга туташ ер участкаларининг ва ширкат мол-мулкининг белгиланган қоидалар, нормалар ҳамда стандартларга мувофиқ асралиши ва сақланишини, ширкат аъзолари умумий йиғилишининг қарорлари бажарилишини, мажбурий бадаллар ўз вақтида келиб тушишини таъминлаши;
ҳар йили умумий мол-мулкни сақлаш ишлари режасини, шу жумладан кўп квартирали ҳар бир уй учун алоҳида шундай режани белгилаши ва унинг ижроси тўғрисида ҳисобот тузиши;
ҳар йили ширкатнинг даромадлар ва харажатлар сметасини ҳамда унинг ижросига доир ҳисоботни тузиши, шу жумладан кўп квартирали ҳар бир уй бўйича шундай смета ва ҳисобот тузиши;
умумий мол-мулкдан фойдаланиш шартлари ва тартиби белгиланаётганда барча ширкат аъзоларининг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларига, кўп квартирали уйнинг хавфсизлигига доир талабларга риоя этилишини таъминлаши;
муҳандислик-коммуникациялари ва умумий мол-мулк таркибига кирувчи бошқа жиҳозларнинг кўп квартирали уйлардаги жойлар мулкдорларига коммунал хизматлар кўрсатиш қоидаларига мувофиқ коммунал хизматлар тақдим этиш учун доимий шайлигини таъминлаши;
ширкат аъзоларининг талабига кўра уларининг ўз ҳуқуқларига тааллуқли барча ҳужжатлардан ахборот-коммуникация технологияларининг имкониятларини қўллаган ҳолда фойдаланишини таъминлаши;
қонунчиликда ва ширкат низомида назарда тутилган ҳолларда, учинчи шахслар билан умумий мол-мулкни сақлаш, унга эгалик қилиш ҳамда фойдаланиш, коммунал хизматлар кўрсатишга оид муносабатларда ширкат аъзоларининг манфаатларини ифодалаши шарт.
Ширкат хўжалиги мулкдорларга шартнома асосида хизмат кўрсатади. Агар шартномада кўрсатилган ҳуқуқ ва мажбуриятлар бажарилмаса, юқоридаги қонунинг 34-моддасига асосан мулкдорлар ширкат аъзолигидан чиқади, ширкат тугатилади.