— Маҳалладошимиз чақалоқни фарзандликка асраб олди ва нафақа тўлаш билан ҳомиладорлик ҳамда туғиш таътили тақдим қилишларини сўраб ишхонасига ариза берди. Кейин бола парвариши таътилини олмоқчи. Агар амалда на ҳомиладорлик, на туғруқ бўлмаган, бола эса аллақачон бир ойлик бўлган бўлса, бундай талаблар қонунийми?
Соатмўмин ЧОРИЕВ,
Қумқўрғон туманидаги
“Элобод” маҳалласи раиси.
Ленара ҲИКМАТОВА,
«Норма» эксперти, ҳуқуқшунос:
— Гап янги туғилган болаларни фарзандликка олган ёки болаларга васий қилиб белгиланган шахсларга таътил бериш ҳақида бормоқда. Бундай таътилни янги туғилган болани бевосита туғуруқхонадан фарзандликка олган ёки болаларга васий қилиб белгиланган шахслар олиши мумкин.
Таътил бола фарзандликка олинган кундан бошлаб, бола туғилган кундан эътиборан, эллик олти календарь кун ўтгунга қадар бўлган давр учун берилади. Икки ёки ундан ортиқ бола асраб олинган тақдирда эса туғилган кундан эътиборан етмиш календарь кун учун берилади. Масалан, агар бола 1 мартда туғилган, 1 апрелда фарзандликка қабул қилинган бўлса, таътил 1 апрелдан 25 апрелгача (бола туғилган кундан эътиборан 56 календарь кун ўтгунга қадар) берилади.
Янги туғилган болани асраб олган ходима умумий асосларда ҳомиладорлик ва туғиш нафақасини олишга ҳақли. Шунингдек, ходима бола туғилганда бериладиган нафақани ҳам олиши мумкин.
Фарзандликка олиш муносабати билан таътил тугагандан сўнг, ходиманинг хоҳишига кўра ва унинг аризаси асосида бола 2 ёшга тўлгунга қадар парваришлаш учун таътил берилади. Қолаверса, иш ҳақи сақланмаган ҳолда, бола 3 ёшга тўлгунга қадар қўшимча таътил ҳам берилади. Бола икки ёшга тўлгунга қадар уни парваришлаш учун нобюджет ташкилотлари ходимага меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 60 фоизи миқдорида нафақа тўлаши шарт. Бюджет ташкилотлари бола парвариши бўйича нафақа тўламайди.