— Яқин кунларда кузатилаётган совуқ ҳаво туфайли аксарият фуқаролар кўп қаватли уйларда иситиш тизими қачон бошланишини сўраб, маҳалла идорасига ҳам мурожаат қилмоқда. Айтингчи, бу бўйича аниқ тартиб белгиланганми? Ёки ҳар бир ҳудуд ўзидан келиб чиқиб қарор қабул қиладими?
Миродали ҲОЖИЕВ,
Когон шаҳри
“Зирабод” маҳалласи раиси.
Қурбон ТУРСУНОВ,
Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги бошқарма бошлиғи:
— Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 15 июлдаги тегишли билан тасдиқланган “Кўп квартирали уйларда иссиқлик таъминоти хизматлари кўрсатиш қоидалари”нинг 13-бандига мувофиқ, хонадонларни иситиш эҳтиёжлари учун иссиқлик энергиясини бериш даври Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан белгиланган муддатларда бошланади ва тамомланади.
Иситиш даври ташқи ҳавонинг ўртача суткалик ҳарорати 8 даража Цельсийдан паст бўлган 5 кунлик давр тамом бўлган кундан кейинги кундан бошланиши, 8 даража Цельсий юқори бўлганда эса тамомланиши керак. Одатда, дастлаб болалар, таълим ва даволаш муассасалари, сўнгра турар уйлар, жамоат ва маиший бинолар, театр, клуб, маъмурий бинолар, саноат бинолари иссиқ тизимига уланади.
Жисмоний шахслар 2020-2021 йиллар иситиш мавсумидан бошлаб иситиш даврининг ҳар бир кунига 1 квадрат метр иситиладиган майдон учун белгиланган тарифлар бўйича тўловни амалга оширади. Иссиқ сув таъминоти хизматлари учун ҳисоблаш йил мобайнида ҳар ойда белгиланган тарифлар бўйича бўлади. Уй-жой мулкдорлари ёки тураржойни ижарага олувчилар, истиқомат қилишидан ва/ёки рўйхатда туришидан қатъи назар, марказий иситиш учун тўловларни амалга ошириши шарт.