Маҳалламиз Сенат қарори билан Ўзбекистон тумани таркибидан чиқарилиб, 2023 йилнинг апрель ойида Қўқон шаҳар таркибига қўшилган. Бироқ, шу кунгача маҳалламиз халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар кенгашининг қарор ижроси асосида Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлигининг ягона платформасига киритилмади. Оқибатда, ҳудудда фаолият кўрсатаётган ва янги ташкил этилаётган тадбиркорлик субъектлари платформадаги амалиётларини бажаролмасдан сарсон бўлмоқда. Муаммонинг ечими бор ва у оддий. Яъни “Мингтут” маҳалласини платформада Қўқон шаҳри таркибида кўрсатиш учун йиғин биносининг кадастр рақами орқали қайта рўйхатга олиш зарур.
Фуқаролар йиғини беш йилдирки, кўримсиз ва шарт-шароитсиз эски биноларда фаолиятини олиб борди. Икки йилдан зиёд саъй-ҳаракатларимиз натижасида давлат-хусусий шерикчилик асосида маҳаллий тадбиркор томонидан янги бино қурилиши бошланди. Яқин кунларда қурилиш ишлари якунига етади. Агар, маҳалла биносида бир йил қурилиш ишлари давом этса, яна бир йил кадастр ҳужжати тайёрланса, жами икки йил тадбиркорлар сарсон бўладими? Ёки тадбиркорлик фаолиятини давлат хизматлари кўрсатиш имконияти йўқлиги сабабли тўхтатиши керакми?
Тегишли масъуллар бу масалани ўрганиб чиқиб, амалий ёрдам беришларини хоҳлардик. Жумладан, Адлия вазирлиги фуқаролар ва тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя килиш чораларини кўришини сўраймиз.
Бу муаммо шу билан тугамайди. Айни юқоридаги сабаб билан аҳоли ҳам солиқ тўловлари бўйича қийинчиликка учрамоқда. Яъни база шаклланиши тўлиқ якунламагани сабабли ер ва мол-мулк солиғини тўлашда сарсон бўляпти. Коммунал хизмат корхоналари ҳам одамларни аросатда ушлаб турибди.
Ғайрат ТОШПЎЛАТОВ,
Қўқон шаҳридаги “Мингтут” маҳалласи раиси.