— Маҳалладошимиз хусусий фирмада ишлайди, яқинда уларга қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари хариди учун моддий ёрдам ажратилибди. Бироқ давлат ташкилотида ишлайдиган аёлига бундай маблағ берилмаган. Айтингчи, моддий ёрдамнинг бу тури ҳаммага бериладими? Унинг миқдори қанча бўлиши керак?
Акмалжон ПАРДАЕВ,
Термиз шаҳридаги
“Боғзор” маҳалласи раиси.
Саидали МУХТОРАЛИЕВ,
амалиётчи юрист, “Yurist va kadr” нодавлат таълим муассасаси асосчиси:
— Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ҳарид қилиш учун ходимларга бериладиган моддий ёрдам ёки оддий тилда айтганда, “картошка пули” ижтимоий характерга эга бўлиб, у ходимларга моддий ёрдам тариқасида ажратилади. Уни ажратиш корхона-ташкилотнинг ихтиёрига ва кўпроқ молиявий ҳолатига боғлиқ. Бундай моддий ёрдамнинг ўзига хослиги шундаки, у жамоавий тўлов ҳисобланади. Яъни у фақатгина айрим “танланган” ходимларга эмас, балки барча ходимларга бирдек миқдорда тўланади.
Қонунчиликда ходимларга моддий ёрдам ажратиш, шу жумладан, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини харид қилиш учун моддий ёрдам кўрсатиш борасида аниқ чеклов ёки тақиқлар йўқ. Шунинг учун амалиётда аксарият корхона ва ташкилотлар “картошка пули”ни жамоа келишувларида, жамоа шартномалари ёки ходимлар меҳнатини ижтимоий кафолатлашга доир ички локал ҳужжатлари билан белгилаб олади. Моддий ёрдам ажратиш иш берувчининг буйруғи (фармойиши, ёки қарори) билан амалга оширилади. Одатда, у куз пайтида ва қиш мавсуми олдидан берилади. Юқорида айтганимиздек, қонунчиликда қандайдир чеклов йўқлиги боис уни йилнинг бошқа фаслларида ҳам бериш мумкин.
Бу моддий ёрдам тури солиқ солиш масаласида ходимнинг “бошқа даромадлари” таркибига киради. Агар бу моддий ёрдам қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотиб олиш учун пул маблағи шаклида берилса, меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 4,22 бараваригача бўлган қисмига даромад солиғи солинмайди. Мисол учун, корхона раҳбари 2023 йил октябрь ойида ҳар бир ходимга “картошка пули” сифатида БҲМнинг 10 баробари миқдорида, яъни 3 300 000 сўм моддий ёрдам пули ажратишни маъқул топса, ушбу тўловларга даромад солиғи солинмайди, чунки бу сумма МҲЭКМнинг 4,22 баравари (980 000*4,22= 4 135 600)дан кам.