— Ҳаёт пасту баландликлардан иборат. Унда кимдир тўғри йўлни танлаб, ҳалол меҳнати ортидан саодатли умр кечирса, яна кимдир билиб-билмай хато қилади, жиноят кўчасига кириб, қонун олдида жавоб беради. Албатта, шунча йилдан сўнг озодликка чиққач, тезда жамоатчиликка сингишиб кетиш осон кечмайди. Бундан инсонларга ҳар томонлама мадад зарур бўлади. Шу боис бу йўлда қўни-қўшни, маҳалла фаоллари уларнинг энг биринчи тиргаки бўлиши лозим. Уларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтиришда, энг аввало, бандлигини таъминлаш муҳим саналади. Айтинг-чи, бу борада қонунчиликда қандай имтиёзлар бор? Собиқ маҳбусларга ёрдам пуллари бериладими?
Нигаргул ГОБЕНОВА,
Нукус шаҳридаги
“Олтин жағис” маҳалласи раиси.
Фаррух ЖЎРАЕВ,
Адлия вазирлиги масъул ходими:
— Давлат раҳбарининг 2022 йил 29 июндаги “Озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаб бўлган фуқароларнинг ижтимоий мослашувига кўмаклашиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган тегишли Низомга кўра, бундай тоифадаги фуқароларга “дастлабки ижтимоий-моддий ёрдам пакети”ни бериш тартиби ишлаб чиқилган.
Низомга асосан, ёрдам пули ҳар бир кўмак олувчига унинг ижтимоий мослашувига кўмаклашиш учун тадбиркорлик, меъморчилик, ҳунармандчилик каби йўналишлардаги лойиҳаларини амалга ошириш учун бир марта берилади. Унинг миқдори меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 10 баравари — 9 млн. 200 минг сўмни ташкил этади. Ёрдам пуллари ушбу масалани кўриб чиқувчи идоралараро доимий комиссияларнинг қарорлари асосида “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими орқали тақдим этилади.
Кўмак олувчилар жазони ўтаб бўлганидан кейин 3 ой муддатда ишчи органга ўз лойиҳасини илова қилган ҳолда ариза беради. Қолаверса, лойиҳа билан биргаликда ёрдам пулини олиш йўналиши, қайси мақсадларда сарфланиши ҳамда лойиҳа натижаси бўйича кутилаётган тахминий даромад ҳақида маълумот тақдим этилади. Ариза ўн кун мобайнида ўрганиб чиқилиб, лойиҳани молиялаштириш мақсадга мувофиқ ёки мувофиқ эмаслиги юзасидан хулоса тайёрланади ҳамда ариза тасдиқланади.
Лойиҳани молиялаштириш мақсадга мувофиқлиги юзасидан хулосани тайёрлаш қуйидаги мезонларга асосланади:
- бошламоқчи бўлган фаолиятининг натижадорлиги ва даромадли экани;
- маҳалла фуқаролар йиғинининг ижобий тавсияси;
- кам таъминланган ёки ёлғизлиги;
- қарамоғида ногиронлиги бўлган ёки вояга етмаган фарзанди борлиги;
- кўп (4 ва ундан ортиқ) фарзанди борлиги ва моддий кўмакка муҳтожлиги;
- нотурар жойларда истиқомат қилаётгани.
Ишчи орган ёрдам пули берилган вақтдан бошлаб бир йил давомида кўмак олувчилар лойиҳасининг амалга оширилиш ҳолатини (шу жумладан, ёрдам пулининг мақсадли сарфланишини) ҳар чоракда бир марта мониторинг қилади.
Умуман олганда, “дастлабки ижтимоий-моддий ёрдам пакети” собиқ маҳкумларнинг жамиятга мослашишига кўмаклашади, уларга бошқалардек жамиятнинг тенг ҳуқуқли аъзоси эканини англатади. Давлат бераётган ишончга муносиб бўлишга, ҳалол меҳнати, фидойилиги билан буни оқлашга шароит яратади. Зеро, атрофдагиларнинг ишончи, қўллаб-қувватлаши инсонга куч беради, шижоат бағишлайди.