— Бугунги кунда аҳоли хонадонларига қуёш панелларини ўрнатиш бўйича тарғибот ишларини олиб боряпмиз. Бундан унумли фойдаланаётганлар ҳам кўпчиликни ташкил этади. Айтингчи, ўз уйи томига қуёш панелларини ўрнатишни истаган аҳоли кўпроқ нималарга эътибор бериши керак? Оддий одамлар уларни ўрнатиш учун тахминан қанча маблағ сарфлайди? Қуёш панелларини ўрнатганлар давлатга солиқ ёки тўловлар тўлайдими?
Музаффар ИМОМОВ,
Яккабоғ туманидаги
“Дўстлик” маҳалласи раиси.
Жасур АҲАТОВ,
Фанлар академияси Физика-техника институти лаборатория мудири, техника фанлари доктори:
— Бугунги кунда юртимизда муқобил энергиянинг қуёш, шамол энергияси, биомасса ёқилғи каби турлари мавжуд бўлиб, уларнинг асосини қуёш энергияси ташкил этади. Айтиш керакки, қуёш фотоэлектр станциясидан фойдаланишни истаган инсонлар айрим жиҳатларга эътибор қаратиши керак. Биринчиси, кунлик қанча энергия сарфлашини аниқлаши, яъни уйида нечта хонани ёритиши, телевизор, компьютер каби энергия сарфлайдиган қурилмалар оддий ҳисобини қилиб олиши зарур. Кимдадир энергиядан фойдаланиш бир кунлик қуввати 1 киловатт, кимдадир 10 киловаттни ташкил этиши мумкин. Шундан келиб чиққан ҳолда истеъмолчи қуёш панелларини ўрнатувчи ташкилотларга бирламчи маълумотни беришлари шарт.
Қуёш панелини ўрнатиш учун сарфланадиган маблағ масаласига келсак, охирги 1-2 йил ичида қуёш фотоэлектр станцияларни ташкил этувчи қуёш модулларининг нархларида кескин пасайиш юз берди. Ички бозорга кириб келаётган қуёш фотоэлектр панелларининг нархи 45-50 центдан ҳозирги кунда 25 центгача тушди. Фотоэлектр станцияларни тўғридан-тўғри сетга ёки кичик сетга улайдиган аккумуляторли ва аккумуляторсиз тизим мавжуд. Аккумуляторли тизимларда умумий фотоэлектр станциянинг таннархи қарийб 45-50 фоизини аккумуляторлар ташкил этади. Бу дегани 1 киловаттлик фотоэлектр станция аккумуляторсиз ҳозирги кунда бозорда 8-10 миллион сўм атрофида бўлса, аккумуляторли тизим қилинса, яна 50 фоиз нарх қўшилади дегани.
Қуёш панелларини ўрнатган аҳоли давлатга солиқ ёки тўловлар тўламайди. Аксинча, бундай истеъмолчилар давлат томонидан қўллаб-қувватланади. Яъни улар солиқдан озод қилинади. Ҳатто томида фотоэлектр станция ўрнатиб, ўзининг истеъмолидан ортиқча энергияни умумий тармоққа берса, ҳар бир киловатт энергия давлат томонидан ҳозирги мавжуд электр энергия таннархидан қиммат нархда сотиб олинади. Ҳозирги пайтда ҳудудларда қуёш электр станцияларини сотиб олиш ва ўрнатишни истаган аҳоли учун банклар томонидан микрокредитлар, ҳокимликлар томонидан имтиёзлар берилмоқда.