— Маҳалламизга фуқаролар турли масалаларда мурожаат қилади. Мисол учун, кимдир ниманидир йўқотса ёки аксинча кимдир ниманидир топиб олса, албатта, биринчи ўринда йиғин идорасига келади. Айрим ҳолларда топилма эгаси умуман келмайди. Бундай вазиятда топиб олинган буюмни нима қилишимиз керак? Умуман, шундай вазиятларда қандай йўл тутиш керак?
Намоз РАМАЗОНОВ,
Қоровулбозор туманидаги
“Чўлқувар” маҳалласи раиси.
Мақсуд МУСТАФОЕВ,
Адлия вазирлиги масъул ходими:
— Жамоат жойларида ҳамён ёки бошқа нарса топиб олинганда уни дарҳол тегишли жойнинг маъмуриятига топшириш керак. Фуқаролар жамоат жойларида нарсаларини йўқотса ёки унутиб қолдирса, улар тегишли жойнинг маъмуриятга нарсасини қайтариб бериш талаби билан мурожаат қилиши ва ўғрилик ҳақида ариза билан жиноий иш қўзғатиш ҳуқуқига эга.
Фуқаролик кодексига асосан, эгасиз кўчмас ашёлар (ер участкалари, ер ости бойликлари, бинолар ёки дарахтлар) тегишли давлат органининг ёки фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органининг аризасига мувофиқ кўчмас мол-мулкни давлат рўйхатига олувчи орган томонидан ҳисобга олинади. Шундан сўнг, бир йил муддат ўтгач, бу ашёни давлат мулкига ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи мулкига кирган, деб ҳисоблаш тўғрисидаги талаб билан судга мурожаат этиш мумкин.
Ашё бинода ёки транспортда топилган бўлса, у шу бинонинг ёки транспорт воситасининг эгаси бўлган шахсга топширилиши лозим. Унинг эгаси ёки манзили номаълум бўлса, ашёни топиб олган шахс топилма тўғрисида ички ишлар органига, тегишли давлат органларига ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органига маълум қилиши шарт. Агар буюм эгаси 6 ой мобайнида аниқланмаса, уни топиб олган шахс унга эгалик ҳуқуқини олади.
Ашёни топиб олган шахс уни олишга ҳақли бўлган шахсдан топилма учун ашё қийматининг 20 фоизига қадар миқдорда мукофот талаб қилишга ҳақлидир. Башарти, топиб олинган ҳужжатлар ёки ўзга ашёлар уларни олишга ҳақли бўлган шахснинг ўзи учунгина қимматга эга бўлса, мукофот миқдори шу шахс билан келишув асосида, келишувга эришиб бўлмаган тақдирда эса — суд орқали белгиланади. Агар, ашёни топиб олган шахс топилма ҳақида хабар қилмаган бўлса ёки уни яширишга уринган бўлса, мукофот олиш ҳуқуқи вужудга келмайди.