— Маҳалламизда янги иш ўринлари яратиш, айниқса, ёшларни тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга катта эътибор берамиз. Ҳудуд талабини ўрганганимизда жуда кўп ёшлар олий ўқув юртига тайёрланиш мақсадида ўқув маркази очиш таклифини беришмоқда. Шунинг учун маҳалламизда хорижий тилларни ўқитишга ихтисослашган ўқув маркази ташкил қилишни режалаганмиз. Талабгор ҳам бор. Айтингчи, агар маҳалламиздаги ишсиз ёш мутахассис ўқув маркази очса, унга қандай имтиёзлар берилади?
Толибжон ДЕҲҚОНОВ,
Жиззах шаҳридаги
“Сангзор” маҳалласи раиси.
Сарвиноз АҲМЕДОВА,
Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг ахборот хизмати раҳбари:
— Дарҳақиқат, “Қишлоқ ҳудудларида хорижий тилларни ўқитиш фаолиятини ташкил этиш учун нодавлат таълим ташкилотларини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Вазирлар Маҳкамаси қарорига асосан, хорижий тилларни ўқитиш фаолиятини ташкил этиш учун тадбиркорлик субъектларига 50 млн. сўмгача маҳаллий буджет маблағлари ҳисобидан бир марталик субсидия ажратиш амалиётини йўлга қўйиш белгиланган.
Шу кунларда жараённинг навбатдаги босқичи якунига етиб, ҳужжатлар қабул қилинди. Яъни талабгорлар жорий йилнинг 10 октябрга қадар Ягона интерактив давлат хизматлари порталида “Қишлоқ ҳудудларида хорижий тилларни ўқитиш фаолиятини ташкил этиш учун нодавлат таълим ташкилотларига субсидия ажратиш” хизматидан фойдаланиб, рўйхатдан ўтишди.
Бу турдаги субсидия бино ва ўқув хоналарини замонавий ахборот-коммуникация технологиялари, мебель, асбоб-ускуналар, ўқитишнинг техник воситалари ва бошқа анжомлар билан жиҳозлашга, зарур дарсликлар, ўқув-методик адабиётлар ва бошқа кутубхона-ахборот ресурслари ҳамда воситалари билан таъминлаш, таълим жараёнини ташкил этишга жалб этиладиган педагог кадрлар меҳнатига ҳақ тўлаш мақсадида ажратилади.
Субсидия олиш учун қуйидаги ҳужжатлар талаб этилади:
2 йилга мўлжалланган бизнес режа;
маҳсулот етказиб бериш ёки ишларни, хизматларни бажариш тўғрисида тузилган хўжалик шартномалари;
педагог кадрлар билан тузилган меҳнат шартномалари;
педагог кадрларнинг хорижий тилни билиш даражасини тасдиқловчи сертификатлари;
таълим жараёнида фойдаланилаётган бино ёки ўқув хоналарининг ижара шартномаси (кўчмас мулк ижараси асосида фаолият юритаётган нодавлат таълим ташкилотлари учун).