2100 нафар аҳоли яшайдиган маҳалламизда электр, сув таъминоти яхши эмасди. Йўлларимиз аҳволидан ҳам мақтана олмасдик. Қишлоғимиз кичиклиги ҳамда чеккада жойлашгани учун ҳеч ким эътибор бермаяпти, деган хулосага келгандик. Аслида бундай эмаслигини бугунги ўзгаришлар мисолида кўриб, гувоҳ бўляпмиз.
Маҳалламиз 3-секторга қаршали бўлгани учун 2022 йилда вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи раҳбарлигида узунлиги 15 ва эни 25 метрлик тўртта кўприк қурилди. Ҳамқишлоқларимиз ҳам бу ҳашарда қатнашди. Натижада маҳалламиздаги 3 та қишлоқ аҳолисининг узоғи яқин бўлди. Шунингдек, 6,8 километр узунликдаги кўчаларимизга шағал ётқизилди.
Яхши ишлар яхшиликлар бошлаб келди. Оз фурсат ўтгач, “Обод қишлоқ” дастури асосида қурилиш ва ободонлаштириш ишлари ҳам бошланиб кетди. Жумладан, 1,5 километр йўлимизга бетон, 800 метрига эса асфальт ётқизилди. 140 та бетон устун ўрнатилиб, 5 километр узунликдаги электр тармоғи янгиланди. 2 та электр трансформаторлари таъмирланди. 600 метрлик пиёдалар йўлакчаси қурилди. Кўчаларга 1,5 километр узунликда бетон ариқлар ўрнатилди. 1,5 километр узунликда қувур тортилиб, ичимлик суви таъминоти яхшиланди. 4 та нодавлат хусусий мактабгача таълим ташкилоти фаолияти йўлга қўйилди. 14-умумтаълим мактабимиз реконструкция қилиниб, 1 ҳамда 2,5 километр олисдаги қишлоқларда яшовчи ўқувчиларни ташиш учун автобус ажратилди. Қишлоқ врачлик пункти фаолияти йўлга қўйилди.
Ишсиз, дея рўйхатга олинган фуқароларга ҳоким ёрдамчиси кўмагида кредит ва субсидиялар ажратилди. 2023 йилда 8 нафар талабгорга субсидия ажратилди. 94 нафарига 50 сотихдан ер берилди. 2 нафар бемор қария ва боқувчиси йўқларга даволаниш учун ордер ажратилди. Қувончлиси, 6 нафар кредит олганлар бугун ўз тадбиркорлигини йўлга қўйди. Хусусан, икки нафар ҳамқишлоғимиз ҳовлисида балиқчилик хўжалиги очган. Умуман, ҳудудда 7 нафар тадбиркор бор. Нуриддин Қаршиевга 7 хоналик уй қуриб берилди. Мебель ва анжомлар билан таъминланди.
Кези келганда айрим таклифларни билдирмоқчиман. Жумладан, маҳаллада давлат боғчасига эҳтиёж бор. Шу учун 130 ўринли давлат МТТ қуриш таклифини берганмиз. Яна бир катта муамоимиз — ёнимиздан асосий табиий газ тармоғи ўтган. Шу тармоққа уланишимизга ёрдам беришларини сўардик. Бундан ташқари, маҳалламиз “драйвери” — деҳқончилик бўлиб, одамларимиз томорқадан яхшигина даромад топади. Бироқ кейинги пайтда оқава сув етишмовчилиги кузатиляпти. Сабаби оқова сув 1,5 км. узоқликдан келгани учун йўлда исроф бўляпти. Шунинг учун оқова сув ариғини лоток ариқ қилиб берилса, муаммо ҳал бўларди.
Садир ТЎХТАШЕВ,
Пахтакор туманидаги
“Нурли пангат” маҳалласи раиси.