Сўнгги янгиликлар

Оилавий суҳбатларда тарбия куртак очади

    Кўпинча фарзанд тарбияси ҳақида сўз борганда, оилавий суҳбатларнинг аҳамиятини назардан…

Маҳалланинг чегараси аниқ, номи ягона бўлади

    Маҳалланинг чегараси ва номи оддий техник масала эмас. Бу икки…

ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОН МАҲАЛЛАСИ, БУ — ПРЕЗИДЕНТ ОРЗУСИДАГИ МАҲАЛЛА

“ЯГОНА ВАТАН, ЯГОНА ХАЛҚ БЎЛИБ, ЯНГИ ҲАЁТ ВА КЕЛАЖАК ЯРАТАМИЗ!”   Қаҳрамон…

ФИРИБГАРЛАР ПУЛДАН КЎРА КЎПРОҚ НАРСА ЎҒИРЛАЙДИ

ТАҲЛИЛ У бир инсонни маблағидан, бошқасини ишончидан, яна бировни умидидан айиради... Бугун…

Ҳолат
-+=

Мурожаат

Ўзбекистон маҲаллалари уюшмасининг

маҲалла фаолларига

МУРОЖААТИ

 

Ҳурматли маҳалла фаоллари!

Азиз юртдошлар!

 

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев­нинг тарихий жасорати, сиёсий иродаси билан мамлакатимизда камбағалликни қисқартириш миллий сиёсат даражасига олиб чиқилди. Бу борада тадбиркорлик, ижтимоий ҳимоя, касбий таълим ва эҳтиёж­манд аҳоли билан янгича ишлаш тизими йўлга қўйилди.

Тўрт йил муқаддам юртимизда камбағалликни қисқартириш  чора-тадбирлари бошланганида 7,5 миллион ёки мамлакат аҳолисининг 23 фоизи даромади камбағаллик чегарасига етмас эди. Ўтган йилларда 3,5 миллион аҳолини даромадли қилиш ҳисобига камбағаллик даражасини 17 фоиздан 11 фоизга пасайтиришга эришилди.

Ўзбекистонда қисқа муддатда камбағалликни қисқартириш соҳасида ўзига хос ташкилий модел шакллантирилди, “ижтимоий давлат” тамойили асосида инсон салоҳиятини рўёбга чиқариш учун тенг имкониятлар, одамлар муносиб ҳаёт кечириши учун зарур шароитлар яратиш, пировардида, камбағалликка буткул барҳам бериш мақсад қилинди.

Таъкидлаш керакки, бу каби юрт тараққиёти ва фаровонлигига қаратилган ислоҳотларнинг барча жараёнларида маҳалла институтининг ўрни ва аҳамияти тобора ортиб бормоқда. Маҳалла янгиланишлар руҳига мос равишда такомиллашиб, аҳолини ислоҳотларга сафарбар этадиган, жамиятнинг барча қатламларини изчил ҳаракатга келтирадиган фаол ижтимоий тузилмага, одамлар келиб фикрини, таклифини, дардини айтадиган, муаммосига ечим топадиган масканга айланди.

Президентимиз ташаббуси билан камбағалликни қисқартириш, аҳоли турмуш даражасини ошириш, бандликни таъминлаш, ижтимоий ҳимоя, фуқароларга ўз қобилиятини юзага чиқаришга кўмаклашиш борасидаги барча саъй-ҳаракатлар айнан маҳалла даражасида ташкил этилаётгани бежиз эмас.

Натижада, жорий йил ўтган даври мобайнида 4 901 та (52 фоиз) маҳалла жиноятчиликдан, 2 930 та (31 фоиз) маҳалла оилавий ажримдан, 1 789 та (19 фоиз) маҳалла ишсизликдан ҳоли ҳудудга айлантирилди.

Инсон ҳар доим яхши яшашга, фаровон турмуш кечиришга, бировдан кам бўлмасликка ҳаракат қилади. Президентимиз қайд этганидек, “Камбағалликдан чиқиб кетиш учун энг муҳим омил — инсоннинг интилиши, ўз кучига таянган ҳолда аниқ мақсад сари интилиши зарур”.

Бироқ орамизда шундай инсонлар ҳам борки, ҳамон боқимандалик кайфиятидан чиқиб кетолмаяпти, “давлат менга ҳамма нарсани қилиб бериши керак”, деган қарашда яшаяпти. Улар ўқиш, ҳунар ўрганиш, малака ошириш ўрнига давлатнинг доимий ёрдамига ўрганиб қолгани, ташаббус кўрсатишдан йироқлиги, “сен менга тегма, мен сенга тегмайман” қабилида яшаётгани айни ҳақиқат. Демак, бу жараёнда маҳалла фаоллари ташаббусни қўлга олиши, бундай тоифадаги шахсларнинг дунёқараши, фик­рини ўзгартириши, ижтимоий фаоллигини кучайтиришга эътибор қаратиши лозим бўлади.

Давлатимиз раҳбари раислигида жорий йил 11 сентябрь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида камбағалликни қисқартириш умуммиллий ҳаракатга айланиши таъкидланди, айни йўналишда мутасаддилар олдига аниқ вазифалар қўйилди. Мамлакатимизда камбағалликни қисқартириш борасида янги давр бошланди.

“Камбағалликдан фаровонлик сари” ғояси асосида ҳаётда қийналган, оғир шароитда яшашга мажбур бўлаётган аҳоли вакилларининг турмуш-тарзига янгича маъно-мазмун олиб кирилади. Бу ўринда улар ҳам ўзини қийнаши, интилиши, яхши ҳаёт учун имкониятлар излаши зарур, албатта.

Айни шу тамойиллардан келиб чиқиб, “маҳалла еттилиги” вакиллари, жамоатчилик тузилмалари аъзолари, маҳалладаги фаол аҳоли қатламига қарата мурожаат қиламизки, келинг, бу борада биргаликда ташаббус кўрсатайлик, одамларни меҳнат қилишга, ўз ҳаётини яхшилаши учун ҳаракатга чорлайлик, эртанги кунига ишонч уйғотайлик.

 

Қадрли маҳалла раислари!

Ҳозир сиз маҳалланинг ҳақиқий етакчиси сифатида майдонга чиқадиган пайт. “Маҳалла еттилиги” – ҳоким ёрдамчиси, хотин-қизлар фаоли, ёшлар етакчиси, ижтимоий ходим, солиқ ва профилактика инспекторлари билан елкама-елка ишлар экансиз, уларни устувор мақсадлар сари йўналтиринг.

Аҳолига муносиб яшаш шароитларини яратишда ўз қобилиятингиз, истеъдодингизни ишга солиб, изланишдан тўхтаманг. Ҳаётни, аҳоли яшаш тарзи ва дунёқарашини чуқур ўрганинг. Энди Сиз ҳудуд раҳбари сифатида ҳар бир оила, ҳар бир инсон тақдири учун масъулиятни зиммангизга олишингиз, маҳалла аҳлининг фикр-ўйлари, мақсадларини иш фаолиятингиз орқали ифода этишингиз зарур.

Бугунги кун раиси камбағалликни қисқартиришга дахлдор ҳар қандай масалани раҳбарлар, ҳокимлар, маҳаллий Кенгашлар олдига дангал қўя олиши керак. Зотан, маҳалла раиси ҳудуднинг том маънода бошқарувчиси, халқ вакили саналади.

Замон шиддати бир жойда тўхтаб турмайди, ҳозирги давр янги-янги талабларни олдимизга қўймоқда. Бу жараёнда фақатгина ташкилотчи, ташаббускор бўлиш билан иш битмайди. Аҳоли турмуш шароитини яхшилашда фуқаролар йиғинининг молиявий имкониятлари оширилаётган, аҳолига 100 га яқин ижтимоий ёрдамлар (моддий ёрдам, субсидия учун тавсиянома, кафиллик ва бошқалар) маҳалланинг ўзида кўрсатилиши йўлга қўйилаётган экан, эндиликда Сиз ишбилармон, ҳар ишнинг кўзини биладиган мутахассис бўлишингиз талаб этилади. Ҳоким ёрдамчилари билан бирга, маҳалланинг қўшимча даромад манбаларини яратишга интилишингиз даркор.

Одамларнинг иши юришиши маҳаллалардаги шароитга ҳам боғлиқ. Шу боис келаси йили маҳаллалар инфратузилмасини ривожлантиришга 1,6 миллиард доллар ажратилиши кўзда тутилган. Бунинг бир қисми, аввало, энг оғир 300 та маҳаллада сув насослари ва қуёш панеллари ўрнатишга берилса, яна 500 та маҳаллада электр, йўл, интернет ва бошқа инфратузилма масалалари ҳал этилади.

Демак, Сиз бу ишларда бош-қош бўлиб, энг аввало, маҳалладаги камбағал, эҳтиёжманд оилаларнинг яшаш шароитини яхшилашга интилинг, камида 2 та эҳтиёж­манд оиланинг таъмирталаб хонадонида қўни-қўшниларни жалб этган ҳолда, ҳашар ташкил этинг. Маҳаллада “Обод маҳалла”, “Обод кўча”, “Обод хонадон” мезонларини жорий этиш, ҳар ойда бир маротаба ҳашар уюштириш чораларини кўринг.

Сиздан талаб қилинадиган яна бир муҳим вазифа, бу — маҳаллага бириктирилган давлат органлари вакилларини аҳоли муаммоларини ҳал этишга сафарбар этиш ва муаммоларга ечим топишини таъминлаш. Бу жараёнда Фуқаролар йиғини кенгашида ҳар ойда камида 5 та давлат органи вакилларининг камбағалликни қисқартиришга оид ахборотини эшитишни таъминланг.

“Маҳалла еттилиги” фаолиятига умумий раҳбарлик қилиш, маҳаллани ҳар томонлама ривожлантиришда улар имкониятларидан самарали фойдаланиш чораларини кўринг. Ҳар ҳафтада “еттилик” аъзоларининг камбағалликни қисқартириш борасидаги ҳисоботини эшитинг, уларнинг ҳар бири ойига камида 10 тадан муаммоли масалани ҳал этишини назоратга олинг.

Эндиликда Сиздан талаб қилинадиган энг асосий жиҳат, бу – фуқароларни ўз ортингиздан эргаштиринг, айрим фуқароларнинг боқимандалик кайфиятидан чиқиши, ташаббус кўрсатиши, янги-янги ғояларни ўртага ташлаши, ислоҳотлар жараёнига дахлдорлик ҳисси билан яшашига кўмаклашинг.

Бу жараёнда Сиз, маҳалла раисларининг масъулияти икки карра юқори. Зеро, маҳалла ҳудудини, унинг ўзига хос жиҳатлари, муаммо ва ютуқларини Сиздан яхшироқ биладиган киши йўқ. Демак, ночор оилалар аҳволини яхшилашда раҳбарлар олдига масалани тўғри қўя олишингиз, унинг ечими бўйича таклифлар киритишингиз, муаммо ечим топмагунча ҳаракатдан тўхтамаслигингиз талаб этилади. Биз бу борада Сизларни доимо қўллаб-қувватлаймиз.

 

Ҳурматли ҳоким ёрдамчилари!

Аҳолини меҳнат билан банд қилиш – мураккаб, аммо энг шарафли вазифадир. Худди шундай, камбағалликни бартараф этишнинг тўғри ва энг самарали усули ҳам бандлик даражасини ошириш саналади. Зеро, бу иллатдан қутилишда аҳолида тадбиркорлик руҳини уйғотиш, инсоннинг ички куч-қуввати ва салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариш муҳим.

Бу борадаги ишларга назар ташласак, ўтган вақт мобайнида маҳаллада камбағалликни қисқартириш, тадбиркорлик лойиҳаларига 35 триллион сўм арзон кредит, 7 триллион сўм субсидия ажратилди. 260 минг гектар ер 800 минг аҳолига деҳқончилик қилиб, даромад топиши учун тарқатилди. “Маҳаллабай” ишлаш асосида 51 мингта микролойиҳани амалга ошириш эвазига 206 мингта янги иш ўринлари яратилди.

Энди Сиз маҳалладаги ижтимоий-иқтисодий ҳолатни “хонадонбай” ўрганиб, банд­лик, томорқадан самарали фойдаланиш, тадбиркорликни ривожлантириш, ишсизлар, айниқса, ёшлар ва хотин-қизларни касб-ҳунарга йўналтиришда фаоллик кўрсатишингиз зарур.

“Сайхунобод тажрибаси” асосида аҳолининг қўшимча даромад топишига имкон яратинг. Ҳудудда ҳар ой камида 10 нафар ишсизни иш билан таъминласангиз, рес­публика бўйича ойига 100 минг нафар одам ишли бўлади.

Ҳаракат қилса, интилса, ечимсиз масаланинг ўзи йўқ. Биргина мисол, Президент топшириғи асосида яқин бир ҳафта ичида 9 452 та маҳаллада 7 562 нафар фуқаро бандлиги таъминланди, 1840 нафари касб-ҳунар ўргатишга йўналтирилди, 2522 нафари ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб этилди. Аҳолига 11,6 миллиард сўмлик субсидия, 248,9 миллиард сўмлик имтиёзли кредит маблағлари ажратилди.

Шуни унутмангки, Сизнинг фаолиятингизга баҳо ишсиз фуқарога кредит ёки субсидия ажратганингиз учун эмас, балки шу маблағ ҳисобидан янги иш ўринлари яратилгани, тадбиркорлик субъекти ташкил этилганига қараб берилади. Демак, яратилган имкониятларни аҳолига тўғри тушунтиринг ва тарғиб қилинг.

 

Азиз хотин-қизлар фаоллари!

Камбағалликни фақат пул тарқатиш, нафақа тўлаш билан ҳал қилиб бўлмайди. Бунинг учун камбағал оила аъзоларини ўқитиш, касбга ўргатиш ва иш билан таъминлаш муҳим. Айниқса, ишсиз хотин-қизлар, эҳтиёжманд оила вакиллари билан кўпроқ шуғулланиш керак. Зотан, хотин-қизлар фаоллиги – жамият тақдири ва тараққиётини белгиловчи омилдир. Кўриниб турибдики, бу – олдингизда турган энг асосий вазифа.

Масаланинг эътиборга молик яна бир жиҳати шуки, маҳаллада соғлом муҳитнинг шаклланиши, унинг бугунги ва эртанги кундаги мавқеи бевосита ўша ерда истиқомат қилаётган хотин-қизларнинг ижтимоий фаоллиги билан боғлиқ. Қачонки, улар турмуш ўртоғига ҳар жиҳатдан тиргак бўлса, оиласининг тинч ва фаровон турмуш кечириши, фарзандларининг етук инсон бўлиб вояга етиши учун интилса, маҳалла ҳаётида ҳам бу ўз аксини топади.

Зиммангиздаги яна бир муҳим вазифа – ҳудудда ҳар ой камида 5 нафар хотин-қизни тадбиркорлик, касаначилик ва ҳунармандчиликка жалб қилиш. Агар буни ҳар бирингиз олдингизга қатъий мақсад қилиб қўйсангиз, “Ишсизликдан, камбағалликдан холи ҳудуд”га айланиш сари муҳим қадам ташлаган бўласиз. Ташаббускорлигингиз, тиришқоқлигингиз билан қалбида бироз қўрқув ва иккиланиш бўлган аёлларни руҳлантириш вақти келди.

Шундай экан, эҳтиёжманд ва муҳтож хотин-қизларга субсидия асосида тикув машиналари олиб бериш кўламини янада кенгайтиринг. Қўлида ҳунари бўлган аёлнинг оилада, маҳаллада муносиб ўрни ва ҳурмати бўлади. Кимгадир нафи тегаётганини ҳис қилиб, ўзига бўлган ишончи ортади. Бундай аёлларни доимо бошқаларга намуна қилиб кўрсатинг. Қийналганда ёнида туринг, йиқилганда тиргак бўлинг.

Бугун Президент яна бир эзгу ғояни илгари суряпти: ҳар бир камбағал оилада, айниқса, хотин-қизлар орасидан камида 1 нафар олий маълумотли бўлиши учун шароит яратилади. Бу жараёнда фоизсиз таълим кредити берилади, камбағал оила фарзандларига қўшимча грант ажратилади. Демак, Сиз шундай тоифадаги оилалар билан янада яқинроқ ишланг, ўқишга иштиёқи бўлган қизларни қўллаб-қувватланг.

 

Қадрли ёшлар етакчилари!

Эътибор берилса, мамлакатимиз тарихида ҳеч қачон ўғил-қизларга бугунгидек кенг имкониятлар яратиб берилмаган. Бугунги ёшлар кечаги ёшлар эмас, уларнинг онги, дунёқараши, орзу-истаклари, талаблари ўзгарди. Улар сиёсий жараёнларда фаол қатнашиб, ўз фикрини дадил айтаётир. Ёшлардаги шижоат, садоқат, янгиликка интилиш, ҳар бир масалага креатив ечим топа олишдек хусусиятлардан унумли фойдаланиш керак. Бу борада Сиздан ташаббускорлик, фаоллик, интилувчанлик, масъулият талаб этилади.

Маҳаллада ишсиз ёшлар бўлмаслиги керак. Ёшлар бандлигини таъминлашда Сизлар жамиятнинг олдинги сафида туриб, ислоҳотларга камарбаста бўлишингиз лозим. Аввало, ишсиз, норасмий секторда банд бўлган ва чет элга ишлагани кетган ёшлар масаласига алоҳида эътибор қаратинг.

Маҳаллада “Ёшлар бандлиги” дастури, “Ёшлар дафтари” тизими орқали йигит-қизларнинг ижтимоий-иқтисодий муаммосини ҳал этишга интилинг. Имкониятдан тўлиқ фойдалансангиз, маҳаллани ёшлар ўртасида ишсизликдан холи ҳудудга айлантира оласиз.

Унутманг, ёшларнинг мактаб давридан касб-ҳунар эгаллашга бўлган қизиқишини ошириб борсангиз, ҳеч бўлмаганда битта касб эгаси бўлишига замин яратган бўласиз. Тадбиркорликка қизиққан, ўз бизнесини йўлга қўйишни хоҳлаган йигит-қизларга елка тутинг. Зеро, битта ёш тадбиркор ло­йиҳаси амалга ошса, камида 3 та янги иш ўрни яратилади.

Бунинг учун Сиз биринчи навбатда маҳалладаги давлат вакили бўлиш баробарида, ёшларнинг яқин дўсти, маслакдоши, кўмакчиси сифатида ўзингизни намоён этишингиз керак. Шундай ҳолатда ҳудуддаги йигит-қизлар ортингиздан эргашади, маслаҳатингизга қулоқ тутади.

 

Ҳурматли профилактика инспекторлари!

Қачонки, ҳар бир маҳалла жиноятчиликдан холи ҳудудга айланса, хавфсиз яшаш ва ишлаш муҳити ҳукмрон бўлса, бундай жойда ривожланиш, келажакка интилиш, яхши яшашга ишонч бўлади. Тадбиркорлик, янги-янги ташаббуслар ҳаётга татбиқ этилади. Шу маънода Сизнинг маҳаллалар хавфсизлигини таъминлашдаги хизматингизни қадрлаймиз.

Профилактика инспекторида масъулият ва ўз юртидан маънавий қарздорлик туйғуси шаклланган бўлиши лозим. Энг муҳими, шу халқни севиши, унга меҳр қўйиши, аҳолининг дарду ташвишлари билан ёниб яшаши зарур.

Бугунги кунда Сиз “маҳалла еттилиги”нинг энг фаол аъзосига айланиб, вазиятни хонадонлар кесимида ўрганишингиз керак. Маҳалладаги ҳар бир оиланинг аҳволидан хабардор бўлишингиз, ким нима билан машғул – ҳаммасини ўрганишингиз лозим. Айниқса, нотинч оилалардаги муаммони бартараф қилиш бўйича индивидуал ёндашинг.

 

Қадрли ижтимоий ходимлар!

Сизнинг маҳаллада иш бошлаганингизга кўп бўлмади, бироқ фаолиятингиз натижасини бугун эҳтиёжманд, ёрдамга муҳтож оилалар, ногиронлиги бор шахсларнинг жамиятга мослашуви, ҳаётда ўз ўрнини топишга интилиши мисолида кўриб турибмиз. Ижтимоий фаоллик ортса, имконият ва натижалар кўпайиши кундек равшан.

Эътиборлиси, камбағаллик исканжасидаги оилалар билан индивидуал иш олиб бориляпти. Ижтимоий ҳимоя қамрови 4,5 карра кенгайтирилиб, ўтган йили 12,3 триллион сўм йўналтирилди. Пенсия ва нафақалар миқдори 1,5 баравар кўпайтирилди. Ижтимоий нафақалар яшаш харажатларига мослаштирилиб, истеъмол саватчаси, яшаш минимуми тасдиқланди.

Бугун Сиз 12 та тоифадаги ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга 49 та ижтимоий хизмат ва ёрдам турларини кўрсатиб келяпсиз. Бу – йиллар давомида қийналиб, меҳр-мурувват кутиб яшаётган аҳоли қатламларини ижтимоий ҳимоялаш тизимида янгича ёндашув бўлди. Шу маънода “Камбағалликдан фаровонлик сари” ғоясини ҳаётга тўла татбиқ этишда Сиздан катта масъулият талаб этилади. Боиси айнан Сиз бундай оилалар билан кўпроқ ишлайсиз, уларни ўйлантираётган масалаларни ич-­ичидан биласиз, уларга яқинсиз.

Эндиликда Сиз “маҳалла еттилиги” билан ҳамкорликда ҳар бир маҳаллани тўлиқ хатловдан ўтказиб, “камбағал оилалар портрети”ни ишлаб чиқасиз. Камбағал оила бўйича индивидуал дастур бўлади.

Иқтисодий комплекс оилаларни камбағалликдан олиб чиқиш билан шуғулланади. Бу ишларнинг самарали олиб борилиши бевосита Сизнинг фаоллигингизга боғлиқ эканини унутманг.

Ногиронлиги бўлган фуқаро уйда бекор ўтириб қолса, қийналади, ҳеч кимга нафи тегмаётганидан ғамга ботади. Унинг ижтимоийлашувини таъминлаш, яъни касб-ҳунарга ўқитиш, банд қилиш билан ҳаётига маъно киритиш мумкин. Ҳар бирининг имконияти ва лаёқатига қараб йўналтириш, уйда ўтирган ҳолда касаначилик ва ҳунармандчиликка жалб этса бўлади. Шундагина улар меҳнат қилиб, даромад топиш орқали ўзи, оиласи ва маҳалласига фойда келтира бошлайди.

Қолаверса, хонадонларга кирганда руҳан тушкун кайфиятдаги имконияти чекланган фуқаролар билан яқин инсонингиздек суҳбатлашинг. Келажакка умид берадиган гаплар билан далда бўлинг. Ҳамиша ёнида эканингиз, қўллаб-қувватлаётганингизни ҳис қилиб турсин. Бу ишни тизимли равишда йўлга қўйиш орқали уларни камбағалликдан чиқишига ишонтирасиз, ижтимоий фаолликка ундайсиз.

 

Ҳурматли солиқ инспекторлари!

Президент ташаббуси билан солиқ тизими маҳалла даражасига туширилиб, 9 452 та маҳаллага 4 358 нафар солиқ ходими бириктирилди. Бугун Сизнинг “маҳалла еттилиги” таркибида “Солиқчи – кўмакчи” тамойили асосида аҳоли ўртасида солиқ қонунчилигининг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини тушунтириб бораётганингиз ўз самарасини бермоқда.

Биргина мисол, Сизнинг саъй-ҳаракатларингиз туфайли 1 314,3 минг нафар фуқаро ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтди, 2024 йил I ярим йилликда солиқ тушумлари 12,5 фоизга ошиб, 85,8 триллион сўмни ташкил этди. Қолаверса, аҳолининг мол-мулк ва ер солиғидан тушадиган солиқ тушумларнинг 10 фоизи “маҳалла бюджети”да қоляпти. Бу – ҳар бир маҳалланинг 100 миллион сўмгача маблағи бор, дегани.

Камбағалликни қисқартириш жараёнида аҳолининг, тадбиркорларнинг солиқ имтиёзларидан самарали фойдаланишини таъминлашга интилинг. Бу орқали янги иш ўринлари яратиш, камбағал оилалар аъзоларини ишли қилиш имконияти янада ошади.

Мисол учун, “20 минг тадбиркор – 500 минг малакали мутахассис” дастурида иштирок этадиган тадбиркорлар камида 20 фоиз камбағал оила аъзосини бир йил давомида иш билан таъминласа, мол-мулк ва ер солиқларидан озод қилинади. 5 миллион сўмгача иш ҳақи тўлаётган тадбиркорларга ижтимоий солиқ ставкаси икки баравар камайтирилади. Камбағал оила аъзоси ҳам даромад солиғидан озод қилинади.

Сиздан талаб қилинаётган жиҳат, бу – имтиёзлар ҳақида аҳолини хабардор қилинг, йўл-йўриқ кўрсатинг, камбағал оилалар бандлигини таъминлаш, ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтишида кўмаклашинг. Ўз ишингизга фидойилик билан ёндашсангиз, маҳаллада камбағаллик камаяди, тадбиркорлар сони ортади, бу эса давлат бюджетига қўшимча даромадлар тушади, деганидир.

 

Қадрли ватандошлар!

Маҳалладаги муаммоларни фақат шу тизимда ишловчи ходимлар билан қамраб олиш имконсиз, албатта. Камбағалликни қисқартириш, бандликни таъминлаш, оилалар билан фаол мулоқот қилишда муҳтарам отахон ва онахонларимиз, кўча ва уй бошлиқлари, имом-хатиб ва отинойи­лар, зиёлилар, жамоатчилик тузилмалари вакилларининг ҳам ўрни ниҳоятда муҳим.

Шу маънода Сиз – маҳалладаги жамоатчилик комиссиялари, “Маҳалла назорати” ва “Кексалар маслаҳати” гуруҳлари, “Оқила аёллар” ҳаракати фаолларига қарата айтамизки, биргаликда бор кучимизни сафарбар этсак, маҳалланинг қурби етмайдиган ишнинг ўзи қолмайди. Ҳар қандай муаммони изчил ҳаракат билан ҳал қилиш мумкин.

Келинг, маҳаллалардаги камбағал, қийналган, эҳтиёжманд ва ногирон оилаларга ҳамкорликда кўмак кўрсатайлик. Улар билан кўпроқ мулоқот қилиб, қалбига қулоқ солайлик, дардини тинглаб, муаммоларига ечим топиш йўлларини излайлик.

Камбағаллик бошқа бир иллатларга йўл очишини ҳисобга олиб, уюшмаган ёшлар билан ишлаш, ўғил-қизларимизни китобхонликка жалб этиш, ҳарбий хизмат учун муносиб мард ва ботир йигитларни тарбиялаб бориш ишларида фаол бўлайлик.

Жамиятда оилавий ажралишларнинг олдини олиб, фарзандларнинг тарбиясидаги кемтикликларни бартараф этиб, ёшларни ёт унсурлар таъсирига тушиб қолишдан асрайлик. Ўғил-қизларимизнинг таълим-тарбияси ва келажак тақдири учун масъулият ва жавобгарликни ҳис этиб яшайлик.

 

Ҳурматли маҳалла фаоллари!

Биз бугун янги давр, янги ҳаёт остонасида турибмиз. Бу жараён ҳар биримиздан фаоллик, ташаббускорлик, дахлдорлик туйғуси билан яшашни талаб этади. Атрофимиздаги ҳолатларга бефарқ бўлмасак, маҳалламиз, кўчамиз, қўни-қўшниларимиз орасидаги ночор оилаларни ёлғизлатиб қўймасак, вазифамизни сидқидилдан адо этган бўламиз.

Шундай экан қуйидаги устувор вазифалар фаолиятимизнинг асосий мезони бўлмоғи керак:

биринчидан, маҳаллаларда камбағалликни қисқартириш умуммиллий ҳаракатга айланиши зарур. Бу жараёнда “маҳалла еттилиги” аъзоларининг ҳар бири масъулиятни ҳис этиши, вазифасидан келиб чиқиб, фаол бўлиши, оилаларни бундай тоифадан чиқаришда шахсий ташаббус кўрсатиши лозим;

иккинчидан, “Камбағалликдан фаровонлик сари”, “Менинг маҳаллам, менинг кўчам ишсизлик, камбағалликдан холи маҳалла, кўча!”, “Менинг маҳалламда бирорта ишсиз фуқаро қолмайди!”, “Мен маҳалламга бефарқ эмасман!” каби эзгу ният, руҳлантирувчи шиор ва даъватларни амалий ҳаракатга айлантиришимиз керак;

учинчидан, йил бошида “Омбор дафтари”га 1 млн. 7 минг нафар ишсиз, 871 минг нафар камбағал оила киритилган эди. Амалга оширилган ишлар натижасида аҳолининг камбағалликдан чиқариш даражаси 3,1 фоизга (14,1 фоиздан 11 фоизга), аҳоли ўртасида ишсизлик даражаси 0,9 фоизга ёки 6,8 фоиздан 5,9 фоизга камайди.

Эндиликдаги вазифамиз қолган 7 663 та маҳаллада 251 минг 799 нафар ишсиз аҳоли ҳамда 171 минг 656 нафар меҳнат бозорига кириб келаётган битирувчи ёшлар бандлигини таъминлаш турибди.

Шунингдек, “Сайхунобод” тажрибаси асосида томорқадан самарали фойдаланиш орқали кам даромадли 247 минг 154 та хонадонда қўшимча даромад манбаи яратишимиз лозим;

тўртинчидан, узоқ муддатга чиқиб кетиб, қайтиш истагини билдирган 383 955 нафар фуқаронинг Ватанга қайтишига ва уларнинг бандлигини таъминлашга кўмаклашишимиз керак;

бешинчидан, ҳар бир маҳалла биноси ёнида енгил конструкцияли сартарошхона, гўзаллик салони, новвойхона, тикувчилик цехи, пойабзал таъмирлаш устахонасини ташкил этишимиз зарур.

Натижада, ҳар бирида 10 тадан янги иш ўрни яратилади. Мазкур иш ўринлари орқали 95 мингга яқин ишсиз бандлиги таъминланади, 47 мингдан ортиқ тадбиркорлик фаолияти йўлга қўйилади;

олтинчидан, маҳаллаларда ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмаслиги зарур – етим-есирлар, ногиронлиги бўлган шахслар, боқувчисини йўқотган оилалар, якка-ёлғиз қарияларни қўллаб-қувватлаш фаолиятимизнинг муҳим йўналиши бўлиши шарт;

еттинчидан, уйма-уй юриш, ҳар бир оиланинг турмуш тарзидан хабардор бўлиш, оилалар фаровонлигини ошириш, аҳоли, айниқса, ёшлар ва хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, тадбиркорликни ривож­лантириш, аҳолида томорқа маданиятини юксалтиришга эътиборни кучайтиришимиз лозим;

саккизинчидан, аҳолида тадбиркорлик руҳини уйғотайлик, уларнинг ички имконияти ва салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқаришга ҳаракат қилайлик. Боқимандалик кайфиятига берилган, “давлат менга ҳамма нарсани қилиб бериши керак”, деган қарашда яшаётган одамларнинг дунёқарашини, фикрини, яшаш тарзини ўзгартирайлик;

тўққизинчидан, оилалардаги ижтимоий-маънавий муҳитни доимий равишда ўрганиб бориш лозим. Уларни алоҳида тоифаларга бўлиб, оғир вазиятдан чиқиб кетиш имконияти паст, оғир шароитдаги ҳамда камбағалликка тушиш хавфи юқори бўлган оилаларга ажратиб, мунтазам ишласак, яхши натижага эришамиз;

Йил якунига қадар аҳоли муаммоларини маҳалланинг ўзида ҳал қилинадиган тизим яратишимиз, маҳаллани ишсизлик, жиноятчилик, ажралиш, камбағаллик ва миграциядан холи ҳудудга айлантиришимиз лозим.

Мухтасар айтганда, Президентимизнинг “Қайси маҳаллада иш тўғри ташкил этилиб, фуқаролар билан яқин ҳамкорлик ўрнатилса, ўша ерда ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат муҳити ҳукм суради, нохуш ҳолатларга йўл қўйилмайди”, деган сўзлари фаолиятимизда дастуриламал бўлиши лозим.

Камбағалликни қисқартиришга астойдил бел боғладикми, фаолликни, ҳаракатни ҳам шунга монанд тарзда олиб боришимиз шарт.

Бу йўлда Сиз – маҳалла фаолларига таянамиз ва суянамиз.

 

ЎЗБЕКИСТОН МАҲАЛЛАЛАРИ УЮШМАСИ.

 

Улашиш
Ҳафта давомида
Кўп ўқилганлар

Биласизми?

Маҳалла раиси “оқсоқол” деб аталмайди

2023 ЙИЛ 6 МАЙДА ПРЕЗИДЕНТ ТОМОНИДАН ИМЗОЛАНГАН “ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ АЙРИМ ҚОНУН ҲУЖЖАТЛАРИГА ЎЗГАРТИРИШ ВА ҚЎШИМЧАЛАР КИРИТИШ ТЎҒРИСИДА”ГИ ҚОНУН БИЛАН “ФУҚАРОЛАРНИНГ ЎЗИНИ ЎЗИ БОШҚАРИШ ОРГАНЛАРИ ТЎҒРИСИДА”ГИ ҚОНУНГА ЎЗГАРТИРИШЛАР КИРИТИЛДИ.