Бахтли турмушга эришиш осон эмас. Бунинг учун қанчадан-қанча синовларни бошдан кечиришга тўғри келади. Турли келишмовчилик ва низоли ҳолатларни енгиб ўтиш талаб этилади. Бироқ баъзи оилалар қийинчиликларга дош беролмай, тезгина сўнгги нуқтани қўйишни афзал билади. Оилага бундай юзаки муносабатда бўлиш, эртани ўйламай қадам босиш, нафақат эр-хотинннинг балки жамиятнинг фожеаси демак.
Республикамизнинг етакчи оилашунос олимлари оилавий низоларнинг бир нечта сабабларини келтириб ўтишган. Булар оилада ҳуқуқ ва мажбуриятларни турлича тушуниш (меҳнат ролларини нотўғри тақсимланиши), ўзаро қадр-қиммат туйғусининг камайиб бораётгани, спиртли ичимликлар, қимор ўйинларига қарамлик билан боғлиқ ҳолатлардир. Шу билан бирга, моддий етишмовчилик, оила маблағларининг исрофгарчилик ва самарасиз ишлатилиши, уй-рўзғор ва болалар парваришида ҳамкорлик қилиш зарурати билан боғлиқ тортишувлар ҳам тез-тез учраб туради.
Албатта, бу каби рўйхатни яна узоқ давом эттириш мумкин. Лекин ҳар қандай вазиятда эр ёки хотиннинг хулқ-атвори доим муҳим роль ўйнайди. Айниқса, муроса қилиш маданиятнинг етишмаслиги оила аъзоларнинг руҳий ҳолати ва жисмоний саломатлигига салбий, баъзида эса ҳалокатли таъсир кўрсатади.
Хўш, оилавий низоларни олдини олиш ҳамда баратараф этиш учун нима қилиш керак? Бунда асосий масъулият кимнинг зиммасига тушади? Саъй-ҳаракатлар қанчалик самара беради?
Биринчи навбатда, ҳар бир инсон салбий ҳис-туйғуларини бошқара билиши керак. Атрофидагиларни имкон қадар тушунишга, кўпроқ ҳазил ва юморлар ишлатишга ҳаракат қилиши зарур. Қолаверса, хотиржам бўлиш (агар инсон ўз ҳис-туйғуларингизни жиловлай олмаётганини ҳис қилса, диққатини бошқа объектга қаратиши мумкин, стулга ёки диванга ўтиришга ҳаракат қилиш мумкин, бунда ғазаб бироз пасаяди), сабабсиз нолимаслик, ҳақоратламаслик, дарҳол бошқаларни қайта тарбиялашга уринмаслик лозим.
Оилада ўзаро ҳурмат туйғулари устувор бўлиши учун танқиддан узоқроқ турган маъқул.
Эр ҳам, хотин ҳам эътиборлироқ бўлса, бир-бирининг ва фарзандларининг яхши фазилатларини эътироф эта билса, ўртадаги меҳр-муҳаббат янада кучаяди. Ширин сўз, хушмуомалалик билан авж олиб кетиши мумкин бўлган жанжалга бир зумдаёқ нуқта қўйиш мумкин.
Бундан ташқари, эр-хотин бир-бирига нима муҳимлигини, албатта, билиши лозим. Характеридаги ёқтирмайдиган жиҳатларни дўстона кайфиятда, ижобий таклифлар билан бартараф этишга ҳаракат қилиш яхши самара беради. Фақат ўзининг эмас, ҳамроҳининг манфаатларига хизмат қиладиган қарорлар қабул қилиб туриш керак. Муносабатлар доимий равишда ўзаро ҳурмат ва қадрлашга асослансагина, кичик можароларни енгиб ўтиш осон кечади. Бир-бирини руҳлантира олиш, янги ғояларини муносиб рағбатлантириш оиланинг кўплаб муваффақиятларига асос бўлади. Баъзан йўл қўйилган хато ва камчиликларга эътибор қаратмаслик ҳам бахтли ҳаёт сари ташланган қадам бўлиши мумкин. Айниқса, ўтмишда бўлиб ўтган хатоларни қайта ва қайта эслаш ўртага совуқчилик солади. Энг муҳими, ҳар бир инсон оилавий ҳаётда сабр-қаноат, бағрикенглик, эътибор ва ижобий фазилатлар катта аҳамиятга эгалигини тушуниб етиши зарур.
Оила — муқаддас қўрғон. Шундай экан, уни асраб-авайлаш, яқинларимизнинг меҳру муҳаббатини ҳис қилиб яшашда кўп нарса ўзимизга боғлиқ эканини англаш вақти келди. Бу фарзандларимизнинг келажаги ва юртимизнинг равнақи учун қўшадиган энг катта ҳиссамиз бўлади.
Раъно ИСМОИЛОВА,
Низомий номидаги ТДПУ “Амалий психология”
кафедраси доценти в.б., психология фанлари номзоди