— Бола пули ва моддий ёрдам олиш учун ариза қабул қилиш тартиби янада такомиллаштирилди. Энди фуқаро аризани Давлат хизматлари марказлари орқали онлайин тақдим этиши мумкин. Бу тартибга кўра, аввалгидек, маҳалла раислари ариза қабул қилишни рад этса бўладими? Чунки маҳалла раислари вазифа ва мажбуриятларида бола пули ва моддий ёрдам аризасини қабул қилиш белгиланмаган. Шундан келиб чиқиб, энди раислар фуқарога аризани ДХМ орқали топшириш лозимлигини тушинтирса қонунбузарлик эмасми?
Ҳалимжон МУҲАММАДАЛИЕВ,
Боҳдод туманидаги “Миробод” маҳалласи раиси.
Комила ЗАКИРОВА,
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги масъул ходими.
— Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 21 октябрдаги “Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан, кам таъминланган оилаларга болалар нафақаси ёки моддий ёрдам тайинлаш учун ариза зарур ҳужжатлар билан бирга бевосита ариза берувчининг доимий ёки вақтинча яшаш манзилидаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органига тақдим этилиши белгилаб қўйилган. Берилган аризалар маҳалладаги ходим томонидан қабул қилиб олинади. Аммо Пенсия жамғармаси туман(шаҳар) бўлимига «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизимига киритилишига аризалар маҳалла раиси томонидан тасдиқланган рўйхат асосида тақдим этилади. Яъни, янги қарор билан маҳалладан аризани қабул қилиш вазифаси олиб ташланмади. Демак, фуқаро аризани маҳалла орқали топшириш истагида бўлса, уни ДХАга йўналтириш нотўғри. Янги қарор билан Давлат хизматлари маркази орқали ариза қабул қилиш тартиби, фуқароларга қулайлик яратиш учун қўшимча равишда жорий этилган.