— Маҳаллада яшовчи пенсия ёшидаги кексалар ва ногиронлар бепул санаторийларда дам олиши белгиланган. Мана шу имтиёздан фойдаланиш тартиби ҳақида маълумот берсанглар.
Ҳусан ҚАРШИБОЕВ,
Зарбдор туманидаги “Янгикент” маҳалласи раиси.
Дилфуза РЎЗМЕТОВА,
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги масъул ходими:
— Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 19 ноябрдаги “Аҳолига санаторийларда даволаниш учун йўлланмалар бериш соҳасига ахборот-технологияларини жорий этиш тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган “Кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга санаторийларда даволаниш учун йўлланмалар бериш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламенти”га мувофиқ 2022 йил 1 октябрдан бошлаб, жисмоний шахслар санаторийларда даволаниш учун йўлланма олишга фақат Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz) орқали мурожаат қилиши ҳамда навбатга туриши белгиланган.
Юқоридаги регламентига асосан, йўлланма қуйидаги тоифадаги кекса ва ногиронлиги бўлган шахсларга 3-тоифага ажратган ҳолда берилади:
а) ҳар йили — навбат асосида:
уруш ногиронларига тенглаштирилган;
республика аҳамиятига молик шахсий пенсия олувчи;
Чернобил АЭС ҳалокати оқибатида нурланиш касаллигига чалинган ва уни бошидан кечирган шахслар, шунингдек, Чернобил АЭС ҳалокати сабабли ногирон бўлиб қолган;
ядро полигонлари ва бошқа радиация-ядро объектларида ҳарбий хизматни ўтаган пенсия ёшидаги шахсларга;
ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз кексаларга;
б) икки йилда бир маротаба — навбат асосида:
уруш қатнашчиларига тенглаштирилган шахсларга;
ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг янги никоҳдан ўтмаган бева хотинлари(бева эрлари)га;
1 ва 2-гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга, кўзи ожиз 2-гуруҳ ногиронини кузатиб борувчи шахсга;
в) уч йилда бир маротаба — навбат асосида ёшга доир пенсия олувчиларга.
Йўлланма олиш учун ариза берилганда нотўғри маълумот тақдим этилиши давлат хизмати кўрсатишни рад қилишга, шунингдек, йўлланма олиш учун навбат келганда, ундан фойдаланмаслик, электрон рўйхатдан чиқаришга асос ҳисобланади.