— Давлатимиз раҳбари 2023 йил 30 март куни Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи доирасида ўтказилган йиғилишда жорий йилда ҳудуддаги маҳаллаларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилиши ҳақида айтиб ўтганди. Аввалроқ бу ҳақда Ҳукумат қарори лойиҳаси ҳам муҳокамага қўйилганди. Шу қарор қабул қилиндими? Жамғарма маблағларидан маҳаллалар қандай фойдаланади?
Нигаргул ГОБЕНОВА,
Нукус шаҳридаги
“Олтин жағис”
маҳалласи раиси.
Элмурод ҚАРШИЕВ,
Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги бошқарма бошлиғи:
— Дарҳақиқат, Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2023 йил 30 март куни Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи якунлари бўйича берилган 15-сонли топшириқлар баёнининг 1-бандини таъминлаш, шунингдек, ҳудуддаги маҳаллаларнинг инфратузилмаларини такомиллаштириш, аҳолининг турмуш шароитларини янада яхшилаш мақсадида “Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ҳузурида Маҳаллаларни қўллаб-қувватлаш жамғармасини ташкил этиш тўғрисида”ги Президент қарори қабул қилинди.
Қарор билан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ҳузурида юридик шахс ташкил этмаган ҳолда “Маҳаллаларни қўллаб-қувватлаш” жамғармаси ташкил этилди. Жамғарма Кузатув кенгаши раиси этиб Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси белгиланди.
Ҳужжатга кўра, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги бир ҳафта муддатда 2023 йил давомида Қорақалпоғистон Республикасидаги 452 та маҳалланинг ҳар бирига 500 миллион сўмдан маблағ йўналтиради. Маҳаллада жиноятчиликнинг олдини олиш ҳамда ободонлаштириш ишларини таъминлашга ўз ҳиссасини қўшган ташаббускор фуқаролар, маҳаллалардаги кўчабоши ва уйбошиларни рағбатлантириш мақсадида жамғармага жами 228 миллиард сўм маблағ ажратади.
Маблағлардан фойдаланишда лойиҳалар маҳалла раислари томонидан ҳоким ёрдамчилари билан биргаликда йиғинда яшовчи аҳолининг ҳудуддаги муаммоларни бартараф этиш бўйича таклиф ва тавсиялари умумлаштирилган ҳолда шакллантирилади. Жамғарманинг Кузатув кенгаши беш кун ичида лойиҳаларни кўриб чиқиб, маблағ ажратиш бўйича қарор қабул қилади.
Маҳалла раислари шакллантирган ва бошқарадиган лойиҳаларни молиялаштириш учун ҳар бир маҳаллага алоҳида ҳисобварақлар очилади. Бунда лойиҳаларни амалга ошириш билан боғлиқ барча жараёнлар, жумладан, товарлар, ишлар, хизматларни сотиб олиш бўйича танлов (тендер) савдоларини ўтказиш, тўловларни амалга ошириш, бажарилган ишларни қабул қилишни маҳалла раислари амалга оширади.
Айтиш керакки, бир ҳафта муддатда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ҳузурида Маҳаллаларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси тўғрисидаги Низом тасдиқланади.