— Биламизки, маҳаллада ҳоким ёрдамчиси камбағалликни қисқартириш, субсидия ва кредит ажратишга масъул ҳисобланади. Аммо хотин-қизлар фаоли, ёшлар етакчиси ҳам субсидия ва кредит ажратишга тавсия беради. Бу ҳолда вазифалар такрорланиб қолмаяптими? Ўзи ҳоким ёрдамчисининг вазифалари нимадан иборат? Шу ҳақда тўлиқ маълумот берсангиз.
Донёрбек ШЕРАЛИЕВ,
Улуғнор туманидаги “Мингчинор” маҳалласи раиси.
Нажмиддин СУЛАЙМОНОВ,
Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги бош мутахассиси:
— “Маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш бўйича давлат сиёсатининг устувор йўналишлари тўғрисида”ги фармонига кўра, 2022 йил 1 январдан маҳаллада ҳоким ёрдамчиси лавозими ташкил этилган. Унга кўра, маҳалладаги ижтимоий-иқтисодий ҳолатни хонадонбай ўрганиш, аҳолининг бандлик даражасини, оилаларнинг даромад манбаларини, томорқа ерларидан фойдаланиш ҳолатини ҳамда даромадли меҳнатга бўлган интилиши ва эҳтиёжларини таҳлил қилиш, тадбиркорликни ривожлантириш орқали маҳалланинг иқтисодий ривожланишини таъминлаш, доимий даромад манбаига эга бўлмаган, ишсизлар, айниқса, ёшлар ва хотин-қизларнинг қизиқишини ўрганиш орқали уларни касб-ҳунар ва тадбиркорлик ўқув марказларига йўналтириш ҳамда битирувчилар бандлигини таъминлашга ёрдам бериш асосий вазифаси ҳисобланади. Бундан ташқари маҳалладаги бўш иш ўринларини ҳамда хўжалик юритувчи субъектларнинг мавсумий ишчиларга бўлган талабини аниқлаш орқали ишсизларни, биринчи навбатда, “темир дафтар”, “аёллар дафтари” ва “ёшлар дафтари”га киритилган ёшлар ва хотин-қизларни бўш (вакант) иш ўринларига жойлаштириш ҳамда ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб қилиш, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, жумладан, оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида кредитлар олишда кўмаклашиш, маҳалланинг ихтисослашувидан келиб чиқиб, кооперация асосида тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш истагини билдирган етакчи тадбиркорларга имтиёзли кредитлар ажратишни ташкил этиш, уларга тадбиркорлик билан мустақил шуғулланиш тажрибасига эга бўлмаган фуқароларни ўз фаолиятини йўлга қўйиши учун бириктириш, томорқадан самарали фойдаланишни ташкил этиш, уй шароитида деҳқончилик, чорвачилик, паррандачилик, қуёнчилик, асаларичилик, уруғчилик, кўчатчилик, гулчилик каби фаолият турларини йўлга қўйишга кўмаклашиш ҳам кўзда тутилган.
Иссиқхона қуриш, томорқасини суғориш учун вертикал суғориш қудуқларини бурғилаш, қишлоқ хўжалиги кооперативига аъзо бўлиш, асбоб-ускуна ва меҳнат қуролларини харид қилиш, бино ва иншоотнинг ижара тўлови ҳамда касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқиши учун субсидиялар олишда кўмаклашиш, бўш бино ва ер майдонларини аниқлаб, уларни белгиланган тартибда тадбиркорлик субъектларига ажратиш бўйича тегишли ташкилотларга таклифлар киритиш, тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишга тўсиқ бўлаётган муаммоларнинг (муҳандислик-коммуникация тизимларига уланиш ва улардан фойдаланиш, турли хил фаолиятни йўлга қўйиш учун рухсатномалар ва лицензиялар олиш, бўш бино ва ер майдонларини тадбиркорлик билан шуғулланиш учун ажратиш ва бошқалар) тегишли ташкилотлар томонидан ҳал этилишини ташкил этишда ҳам бевосита ҳоким ёрдамчилари масъул.