Мамлакатимизда охирги уч йилда камбағалликни қисқартириш бўйича алоҳида тизим жорий қилиниб, молиявий инструментлар, инфратузилма масалалари ҳал қилинди. Жорий йил бошида туманлар 5 та тоифага ажратилиб, ҳар бирига шароитига қараб енгилликлар берилди. Ҳар йили оилавий тадбиркорликка 13 триллион сўм кредит ва 1,5 триллион сўм субсидия ажратиляпти.
“Маҳаллабай” ишлаш тизими йўлга қўйилиб, алоҳида дастурлар ишлаб чиқилгани ҳисобига камбағаллик даражаси 17 фоиздан 14 фоизга тушди. Бу ўтган йили ва жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида 3 миллион аҳоли доимий даромадга эга бўлди, 1,5 миллион аҳоли камбағалликдан қутилди, дегани. “Номли дафтарлар” ва “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” АТ орқали 2 миллион 300 минг муҳтож оилалар, хотин-қизлар, ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар моддий ёрдам билан тўлиқ қамраб олинди. Умуман, бу даврда 347 та маҳалла камбағалликдан холи, яна 1,5 мингга яқини ишсизлик бўлмаган ҳудудга айланди.
Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг маълумот беришича, айни пайтда 1 миллион 200 мингта камбағал оилалар рўйхати шакллантирилиб, “Онлайн маҳалла” электрон платформасига киритилган. Ҳоким ёрдамчилари томонидан ҳар бир оилани камбағалликдан чиқариш бўйича индивидуал дастурлар ишлаб чиқилиб, “Онлайн маҳалла” платформасига жойлаштирилган. Йил якунига қадар 127 минг 500 та оила камбағалликдан чиқарилиб, камбағаллик даражасини 12 фоизга тушириш чоралари кўриляпти.
Хўш, бунда нималарга эътибор қаратилмоқда? Йил якунигача камбағалликни қисқартиришнинг асосий омиллари сифатида нималар белгиланди?
БИРИНЧИДАН, оилаларни камбағалликдан чиқариш бўйича регламент тасдиқланди.
Ўрганишларга кўра, иш қидираётган шахсларни рўйхатга олиш, уларни ишсиз деб эътироф этиш ва шу асосда ишсизлик нафақаси тайинлашда номувофиқликлар мавжуд. “Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги қонунда бунинг шартлари ва ваколатли ташкилотлар аниқ белгиланган бўлса-да, жойларда “ишсиз” фуқароларнинг сонига оид турли хил статистик рақамлар мавжуд. Яъни кимлар ишсиз деб эътироф этилиши, уларга қачон ва ким томонидан ишсизлик нафақаси тайинланиши ва ҳоказо масалалар ҳақида кўпчилик етарлича маълумотга эга эмас.
Айни масаланинг ечими бўйича Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги томонидан “Шахсларни ишсиз деб эътироф этиш ва уларга ишсизлик нафақасини тайинлаш бўйича электрон давлат хизматини кўрсатиш тўғрисида”ги регламент тасдиқланди. Регламентга кўра, эндиликда вазирликнинг туман, шаҳар бўлинмалари — Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлимлари Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДПХ) орқали йўлланган аризага асосан, иш билан банд бўлмаган фуқароларни «ишсиз» деб эътироф этиши мумкин.
Бунда портал орқали тўлдирилган сўровнома маҳаллий меҳнат органига келиб тушган кундан эътиборан бир иш куни ичида ариза берувчи иш қидираётган шахс сифатида рўйхатга олинади. Аризачи ўн кун ичида меҳнат органига мақбул келадиган иш юзасидан таклиф олиш учун бориши керак. Ишсизлик нафақаси тайинлангани ҳақидаги хабарнома ариза берувчининг ЯИДХПдаги шахсий кабинетига юборилади.
ИККИНЧИДАН, 500 минг аҳоли касаначиликка жалб қилинади.
Президентнинг 2023 йил 2 августда Тошкент вилоятига ташрифи чоғида ўтказилган видеоселектор йиғилишида берилган топшириқ ижроси доирасида 500 минг аҳолини касаначиликка жалб қилиш чоралари кўрилади. Бунда “Касаначилар мактаби” ташкил қилиниб, унда тадбиркор ва касаначиларга бепул консалтинг хизматлари кўрсатилади, ўқитиш ва малакасини ошириш йўлга қўйилади. Йил якунига қадар 200 минг аҳоли рўйхати “маҳаллабай” тасдиқланиб, юқори даромадли касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитилади. Бунда муқобил энергия ускуналарини ўрнатиш, интерьер дизайнери, IT, электрон савдо, электромобилларга хизмат кўрсатиш каби юқори даромадли касбларга ўқитиш кўлами кенгайтирилади.
УЧИНЧИДАН, маҳалла тавсияси билан 100 миллион сўмгача гаровсиз кредит берилади.
Эндиликда ҳоким ёрдамчилари ўзини ўзи банд қилганларнинг кичик ва ўрта бизнесга ўтишига кўмаклашади. Бунинг учун “Япония тажрибаси” асосида ҳудудларда бизнес-инкубатор ва акселераторлар тизими жорий этилади. Салоҳиятли тадбиркорларга дастлабки айланма маблағлари учун “улушдорлик” капитали берилади. Бу мутлақо янги молиявий манба бўлади.
Бу ишларни молиялаштириш учун Тадбиркорлик жамғармаси фаолияти тубдан ўзгаради ва унга тадбиркорларга улушдор бўлиб кириш ваколати берилади. Шунингдек, маҳалладаги “еттилик” кафиллиги билан гаровсиз бериладиган оилавий тадбиркорлик кредитлари миқдори ҳозирги 33 миллион сўмдан 100 миллион сўмга оширилади. Ушбу маблағларнинг бир қисмини нақд пул кўринишида беришга рухсат этилади.
***
Умуман олганда, юқоридаги чора-тадбирлар ижроси натижасида йил якунигача камбағаллик даражаси 14 фоиздан 12 фоизга туширилиб, 127 мингдан зиёд оила камбағалликдан чиқарилади. 1,5 миллион зиёд аҳоли бандлиги таъминланиб, 50 мингга яқин ўзини ўзи банд қилганлар кичик бизнес субъектига айлантирилади. Қолаверса, ишсизлик нафақаси олувчилар салмоғи ортиб, уларнинг ижтимоий ҳимояси кучайтирилади. Иш излаётган аҳолига қўшимча қулайлик ва имконият яратиш орқали коррупция, сансалорлик ва қоғозбозлик каби иллатларнинг олди олинади.
Санжар ИСМАТОВ.