Энди одамлар маҳаллага моддий ёрдам сўраб эмас, бизнесни йўлга қўйиш, имкониятлардан унумли фойдаланиш учун мурожаат қиляпти
Маҳалламиз бешта — Найман, Талақулуқ, Шофаёз, Регистонак ва Саройобод қишлоқларидан иборат бўлиб, бу ерда 3 338 нафар аҳоли истиқомат қилади. Қишлоқ ҳудуди бўлгани учун кўпчилик чорвачилик, деҳқончилик ортидан кун кечиради.
Йиғинимиз “оғир ҳудуд”лар тоифасига киргани боис инфратузилмани яхшилаш, одамларга қулайлик яратиш борасида қатор ташаббуслар амалга оширилди. Хусусан, жорий йилнинг ўзида 10 км. ичимлик сув тармоғи тортилди, кучланиш ортиб кетгани ҳисобига 3 та янги трансформатор ўрнатилиб, 30 эски симёғочлар янги темир-бетон устунларга алмаштирилди. Шу билан бирга, маҳалланинг 2 км.дан зиёд ички йўллари асфальт қилиниб, 5 км.дан ортиқ масофада шағал ётқизилди.
Бандлик, ижтимоий ҳимоя — доимий эътиборимизда. Биргина жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 200 нафардан зиёд фуқаро ўзини ўзи банд қилди. 100 нафардан зиёдига “Ҳар бир оила — тадбиркор” дастури асосида имтиёзли кредит олиб берилди. 10 нафарга яқин фуқарога субсидия асосида иссиқхона қуриб берилди, ёшларга турли асбоб-ускуналар, пайвандлаш буюмлари топширилди. 6 нафар талабанинг контракт суммаси қоплаб берилди.
Эътиборлиси, фуқаролар йиғини “Ислом тараққиёт банки” ва ОПЕК халқаро тараққиёт жамғармаси иштирокида “Қишлоқ жойларни барқарор ривожлантириш” лойиҳасига киритилди. Лойиҳа доирасида “Маҳаллани ривожлантириш режаси” ишлаб чиқилиб, 2024-2025 йилларда маҳаллада 16 миллиард сўмлик ишлар бажарилади. Хусусан, болалар қамровини ҳисобга олиб, 120 ўринли янги мактабгача таълим ташкилоти қурилади, мавжуд 840 ўринли мактаб замонавий ҳолатга келтирилади. Қолаверса, маҳалланинг 8 км. ички йўллари асфальт қилинади, 3 км. масофада ичимлик сув қувури тортилади, 3 та трансформатор ўрнатилиб, 5 км. масофада электр линияси янгиланади.
Йиғин фаолиятига тўхталсам, маҳаллада “бешлик” фаолиятидан одамлар миннатдор. Буни аҳолининг маҳаллага илгаригидек моддий ёрдам сўраб эмас, кўпроқ тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш учун мурожаат қилаётгани, хотин-қизлар ва ёшлар яратилаётган шароитдан унумли фойдаланишга интилаётганидан билиш мумкин. Зеро, уларнинг аксарияти икки-уч йил муқаддам оғир шароитда яшаётган эди.
Эндиликда маҳалла “еттилиги” тизими орқали қўшимча равишда солиқ ва ижтимоий ҳимоя хизматлари маҳалланинг ўзида кўрсатилиши одамларнинг оғирини енгил қилади. Моддий ёрдам, субсидия ва кредит ажратиш каби 70 дан ортиқ масала маҳалланинг ўзида ҳал қилиниши, ижтимоий дафтарлар учун бериладиган маблағлар ҳар бир маҳаллага тақсимланиши ва маблағни ишлатиш маҳалланинг ўзида, “еттилик” ихтиёрида бўлиши фуқаролар йиғини ваколатини оширибгина қолмай, ҳудуд аҳли муаммоларини қисқа фурсатда, жойида ҳал этиш имконини беради. Шунга кўра, бу тизимнинг йўлга қўйилишини нафақат биз, балки маҳалла одамлари ҳам кутмоқда.
Тоштемир РАСУЛОВ,
Вобкент туманидаги
“Найман” маҳалласи раиси.