— Баъзи бир ипотека кредитига уй сотиб олган фуқаролар тўланган пулидан даромад солиғи қайтариб олиши ҳақида эшитяпмиз. Бу барча ипотекага уй харид қилганларга татбиқ этиладими? Бизнинг маҳаллада ҳам ипотека кредити ҳисобига уй сотиб олганлар шу имтиёздан фойдалана оладими? Даромад солиғини қайтариб олиш тартиби ҳақида маълумот берсангиз.
ҲасанбойҲАЙДАРОВ,
Ёзёвон туманидаги “Юқори” маҳалласи раиси.
Дилдора ҲОШИМОВА,
Солиқ қўмитаси ахборот хизмати раҳбари:
— Бошланғич тўлови ва кредит фоизлари давлат буджетидан ажратилган субсидия асосида олинган ипотека кредитлари ва уларга ҳисобланган фоизларга йўналтирилган меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 80 бараваригача бўлган жисмоний шахсларнинг иш ҳақи ва бошқа даромадлари жисмоний шахслардан олинадиган дамромад солиғидан озод этилган.
Бунда, “Ёшларга оида давлат сиёсати тўғрисда”ги қонунга кўра, кредит ёш оила учун ажратилган бўлса, солиқ имтиёзи эр-хотин ёки улардан бири белгиланган ёш — 30 ёшга тўлгунига қадар, субсидия бўйича шартлар инобатга олинмаган ҳолда қўлланилади.
Агар 2023 йил 1 январдан кейин ипотека кредити ҳисобига олинган кўчмас мулк 36 ой ичида бошқа шахс номига ўтказилса, солиқ имтиёзи қўлланилган бутун давр учун солиқ тўлаш мажбурияти тикланган ҳолда бекор қилинади. Бу солиқ кодексининг 378-модда 16-бандида белгиланган.
“2017 – 2020 йилларда шаҳарларда арзон кўп квартирали уйларни қуриш ва реконструкция қилиш дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарорига асосан, “2017-2020 йилларда шаҳарларда арзон кўп квартирали уйларни қуриш ва реконструкция қилиш дастури” доирасида квартира сотиб олиш учун олинган ипотека кредити ва ҳисобланган фоизларни қоплаш учун йўналтирилган жисмоний шахс(қарздор)ларнинг, шунингдек, уларнинг оила аъзоларининг (эр-хотин, турмуш ўртоғи, ота-онаси ва болалари) солиққа тортиладиган иш ҳақи ва бошқа даромадларини ЖШОДСдан озод қилиш 2021 йил 1 январдан бекор қилинган.
Шундан келиб чиқиб, 2021 йил 1 январдан бошлаб, “2017 – 2020 йилларда шаҳарларда арзон кўп квартирали уйларни қуриш ва реконструкция қилиш дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан олинган уй-жой учун ажратилган ипотека кредитлари ва фоизларини қоплашга йўналтирилган даромадларга солиқ имтиёзи қўлланилмайди.
Бироқ уй-жой учун субсидия берилган фуқароларнинг ипотека кредитлари ва уларнинг фоизлари учун йўналтирилган иш ҳақи ва бошқа даромадлари даромад солиғига тортилмаслиги белгиланган.
Мазкур имтиёз қарз олувчи ва бирга қарз олувчилар даромадининг бир солиқ даврида меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 80 бараваридан (78 млн. 400 минг сўмдан) ошмаган қисмига татбиқ этилади.