— Маҳалламизда томорқачиликни ривожлантиришга имконият бор. Бундан фойдаланиб, рўзғорини бутлаётганлар кўп. Айтингчи, томорқачилик тадбиркорлик саналадими? Уларга иш стажи ҳисобланиши учун қайси фаолият тури билан шуғулланиш керак? Томорқачига кредит ёки субсидия бериладими?
Марат АЛЛАМУРАТОВ,
Нукус шаҳридаги
“Жеке терек” маҳалласи раиси.
Ёқутхон ЮСУПОВА,
Адлия вазирлиги маъсул ходими:
— Томорқа хўжалиги тадбиркорлик фаолияти ҳисобланмайди, уни давлат рўйхатидан ўтказиш талаб этилмайди. Томорқачи қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш (қайта ишлаш) бўйича ўзини ўзи банд қилган шахс мақомини олиши мумкин. Томорқада етиштирилган маҳсулотлар хусусий мулкдир.
Ўзининг шахсий томорқасида чорвачилик, иссиқхона, паррандачилик, қуёнчилик, асаларичилик, балиқчилик, боғдорчилик, лимончилик, гулчилик фаолияти билан шуғулланаётган фуқаролар томонидан йилига БҲМнинг камида бир баравари (330 000 сўм) миқдорида ижтимоий солиқ тўланган тақдирда, улар расмий банд бўлган аҳоли тоифасига киритилиши ва ушбу давр уларнинг меҳнат стажига қўшилиши белгиланган. Бунда уларга тегишли бўлган томорқа ер участкасининг майдони ёки улар томонидан парвариш қилинаётган уй ҳайвонлари ва паррандаларнинг сонидан қатъи назар, ихтиёрий тартибда ижтимоий солиқни тўлашга рухсат этилади.
Томорқа учун кредит берилади. Бунда, қоида тариқасида, 100 бош парранда, 5-10 бош курка, 20 бош қуён, 5-6 бош қўй ва эчки, 5 та асалари уяси, интенсив усулда балиқ боқишни йўлга қўйиш, шунингдек, ихчам иссиқхоналар, “дала дўконлари” қуриш, артезиан қудуқларини қазиш, кичик интенсив боғдорчилик, лимончилик ва узумчилик, полиз, дуккакли, мойли экинлар, картошка етиштириш ва сабзавотчилик учун кредит ажратилади.
Шу билан бирга, томорқа ер участкалари эгаларини кооперация ва касаначилик асосида иш билан банд қилган тадбиркорларга Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси ҳисобидан БҲМнинг 20 бараваригача (6,6 млн. сўмгача) миқдорда ҳоким ёрдамчилари тавсиясига асосан субсидия ажратилади