— Меҳнат дафтарчаси иш стажини тасдиқловчи асосий ҳужжат ҳисобланади. Айрим ҳолларда у қандайдир сабаб туфайли йўқолиб қолса, пенсияга қандай қилиб чиқиш мумкин? Бу ҳолатда стаж қандай ҳисобланади?
Гулнора НАРЗИЕВА,
Қоровулбозор туманидаги
«Бўзачи» маҳалласи раиси.
Бахриддин ЗИЯТОВ,
Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси бош мутахассиси:
— 2005 йил 1 январдан олдинги даврлар учун иш стажи меҳнат дафтарчасида мавжуд ёзувлар асосида, бошқа тасдиқловчи ҳужжатлар талаб этилмасдан белгиланади. Меҳнат дафтарчаси ёки ундаги ёзувлар бўлмаган, нотўғри ёзилган тақдирда, иш стажи архив маълумотлари, буйруқлардан кўчирмалар, меҳнат шартномалари ва бошқа ҳужжатлар орқали тасдиқланиши мумкин. Бундан ташқари, архив маълмуотлари бўлмаган ҳолатда меҳнат фаолиятлари тўғрисидаги маълумотлар суд тартибида фуқароларнинг кўрсатмаларига асосан ҳам қабул қилинади.
2005 йилдан кейинги меҳнат фаолияти бўйича стажни тасдиқлаш учун архив маълумотлари зарур бўлмайди. Меҳнат стажини тасдиқлаш ва пенсия ҳисоблаш учун иш ҳақи миқдорини аниқлашда идоралараро электрон маълумот алмашишдан фойдаланилади.
Шу тариқа пенсияни расмийлаштиришда 2005 йилгача амалга оширилган меҳнат фаолияти бўйича стажни қоғоз шаклидаги ҳужжатлар билан, 2005 йилдан кейинги стажни эса электрон маълумотлар билан тасдиқлаш мумкин.