— Маҳалладаги тадбиркорлик субъектларида баъзан молиявий сабаблар билан ходимлар ойлик маошини тўлашда кечикишлар учраб туради. Албатта бунда тадбиркорларимиз ўзларига боғлиқ бўлмаса ҳам айбдорга айланиб қолишади. Шундай ҳолатда ходимларга кечикиб ойлик тўлаган раҳбарлар кечиккан кунлар учун фоиз тўлайдими?
Қурбон НИШОНОВ,
Пахтакор туманидаги “Боғишамол” маҳалласи раиси.
Лазиз ҚАРШИЕВ,
Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги бошқарма бошлиғи:
— Амалдаги Меҳнат кодексининг 333-моддасига асосан, иш берувчи иш ҳақини, таътил, меҳнат шартномаси бекор қилингандаги ҳамда ходимга тўланиши лозим бўлган бошқа тўловларни тўлаш муддатини бузса, уларни тўлов муддатидан кейинги кундан эътиборан то ҳақиқатда ҳисоб-китоб қилинган кунни ўз ичига олган муддатгача ҳар бир кечиктирилган кун учун Марказий банкининг ўша вақтда амалда бўлган қайта молиялаштириш ставкасидан келиб чиққан ҳолда фоиз(пулли компенсация)лар билан бирга тўлаши шарт.
Ходимга тўланиши лозим бўлган пулли компенсациянинг миқдори Марказий банки қайта молиялаш ставкасининг ўн фоизи миқдорида белгиланади. Жамоа шартномаси, ички ҳужжат ёки меҳнат шартномаси билан бу миқдор 10 фоиздан оширилиши ҳам мумкин.
Мазкур пулли компенсацияни тўлаш мажбурияти иш берувчининг ойлик иш ҳақини ёки ходимга тўланиши лозим бўлган бошқа тўловларни тўлашнинг кечиктирилишида айби бор-йўқлигидан қатъи назар юзага келади. Яъни, ойликлар ёки бошқа тўловлар кеч тўланиши иш берувчининг айби билан бўлмаган тақдирда ҳам у жавобгар бўлади.
Марказий банки қайта молиялаш ставкаси 2023 йил 17 мартдан ҳозирги кунга қадар 14 фоиз бўлиб, яъни иш ҳақи кечиктирилган кун учун пуллик компенсация миқдори 1,4 фоизни ташкил этади.
Масалан, ходимнинг иш ҳақи, таътил тўловларини, меҳнат шартномаси бекор қилингандаги тўловларни ва (ёки) ходимга тўланиши лозим бўлган бошқа тўловлар жами миқдори 5 млн. сўм бўлса, 5 млн. сўмни 1,4 фоизи 70 минг сўмни ташкил этади. Иш берувчи 10 кунга иш ҳақи ва бошқа тўловларни тўлаш муддатини кечиктирса, ушбу кечиктирилган 10 кун учун 700 минг сўм пулли компенсация тўлаши шарт.
Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг 2000 йилдан ҳозирги кунгача бўлган асосий ставкаси (қайта молиялаш ставкаси) динамикаси (ўзгариш даражаси)ни Марказий банкнинг веб-сайтида кўриш мумкин.