Маҳалла чегара ҳудудда жойлашган. Бир томони Туркманистон Республикаси, бир ёни Қорақалпоғистон Республикаси, яна бир томони Бухоро вилояти билан чегарадош. Туман марказидан 120 километр олисликда. Бироқ транспорт қатновида муаммо йўқ, аҳоли учун барча йўналишлар бўйича автобуслар йўлга қўйилган.
Ҳудуд, асосан, деҳқончиликка ихтисослашган, пахта, ғалла, шоли экилади. Аҳоли дала майдонларига шоли, томорқа ерларига рўзғорбоп қишлоқ хўжалиги экинларини экишади. Маҳаллада ишсизлар йўқ, ишчи кучи етишмовчилиги бор. Йиғинда 3 минг гектар ер бўлиб, шунинг минг гектарига пахта экилган. Бироқ уни териб олишга теримчи етишмаяпти.
Маҳалла идораси тўрт хонадан иборат. “Маҳалла бешлиги” хоналар етишмаслиги сабаб бир вақтлар ҳашар йўли билан қурилган етти хонали бинодан ҳам фойдаланишмоқда. Икки ярим минг аҳоли учун барча зарур шарт-шароитлар яратилган. Битта қишлоқ врачлик пункти, “Тез ёрдам” машинаси, 2 та мактаб, 2 та давлат, 2 та хусусий боғча бўлиб, болалар 100 фоиз қамраб олинган.
Еттита тадбиркор аҳоли учун зарур хизматларни кўрсатяпти. 3 та ошхона, 3 та нон ишлаб чиқариш цехи бор. 2,5 гектар майдонда гидропоника ташкил этилган. Унда бодиринг, помидор етиштирилиб, чет элга экспорт қилинмоқда.
Йўл ва инфратузилма тармоқлар янгиланмоқда. Бош кўчанинг икки километр қисми асфальтланди. Энди қолган кўчаларга тош тўкилиб, асфальтланади. Битта трансформатор таъмирланди, яқин кунларда қўшимча битта трансформатор ўрнатилади.
Биргина муаммо, оқова сув. Агар шу масала ижобий ҳал этилса, маҳаллада бирорта муаммо қолмайди.
Баҳодир БОБОЖОНОВ,
Тупроққалъа туманидаги “Тупроққалъа маскани” маҳалласи раиси