— Агар ходимни ишга тиклаш бўйича суд ишида унинг фойдасига қарор қабул қилинса, орада мажбурий ишга келмаган кунлар учун пул ундиришда ўртача ойлик иш ҳақи ҳисобланадими? Бунда берилган моддий ёрдам пули ўртача иш ҳақига қўшиладими?
Маъмуржон ОМОНОВ,
Фурқат туманидаги “Шойимбек” маҳалласи раиси.
Ойбек РАВШАНОВ,
“Мадад” ННТ бош мухассиси:
— Меҳнат кодексига асосан ходим ишга тикланганда мажбурий прогулнинг бутун вақти учун ўртача иш ҳақи тўланади. Меҳнат кодексининг 257 моддасига кўра, ушбу кодексда назарда тутилган барча ҳоллар учун ўртача иш ҳақи у ҳисобланадиган ойдан олдинги ўн икки ойни ташкил этувчи ҳисоб-китоб даври ёхуд агар ходим ўн икки ойдан кам ишлаган бўлса, амалда ишланган давр учун ҳисобланган иш ҳақидан келиб чиққан ҳолда белгиланади. Бунда тегишли ойнинг 1-кунидан 30 (31)-кунига қадар (февралда — 28 (29)-кунга қадар) бўлган давр охирги кунни ҳам қўшганда календарь ой, деб ҳисобланади.
Ўртача иш ҳақини ҳисоблаш учун ходимга ҳисобланган иш ҳақининг таркибига солиқ тўғрисидаги қонунчиликда назарда тутилган, солиқ солиниши лозим бўлган, иш берувчи томонидан ҳақиқатда амалга оширилган тўловларнинг барча турлари киритилади. Солиқ кодексининг 377-378 моддаларига асосан қуйидаги моддий ёрдамларга меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 4,22 бараваригача даромад солиқ солинмайди:
вафот этган ходимнинг оила аъзоларига ёки оила аъзоси вафот этганлиги муносабати билан ходимга кўрсатиладиган;
ходимга меҳнатда майиб бўлганлиги, касб касаллиги ёхуд соғлиғига бошқача тарзда шикаст етганлиги билан боғлиқ ҳолда кўрсатиладиган;
бола туғилиши, ходим ёки унинг фарзандлари никоҳдан ўтиши муносабати билан кўрсатиладиган;
қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини бериш ёки уларни сотиб олиш учун маблағлар бериш тарзида кўрсатиладиган моддий ёрдам.
Демак, Солиқ кодексининг 377-378-моддаларида кўрсатилган моддий ёрдамдан ташқари, барча моддий ёрдамлар ўртача иш ҳақини ҳисоблашда инобатга олинади.