— Турли вазиятларда, хусусан, кредит олиш, субсидияга ариза топшириш, шахсга доир маълумотларни янгилаш жараёнида давлат хизматларидан фойдаланиш зарурати туғилади. Бундай ҳолатда тегишли орган ёки давлат хизматлари марказига мурожаат қилишга тўғри келяпти. Айтингчи, маълумотномаларни онлайн олиш имконияти борми?
Рахат АЛЛАМУРАТОВ,
Нукус шаҳридаги
“Ата макон” маҳалласи раиси.
Севара ЎРИНБОЕВА,
Адлия вазирлиги матбуот хизмати раҳбари:
— Ҳукуматнинг 2023 йил 20 ноябрдаги тегишли қарори билан “Жисмоний ва юридик шахсларга маълумотномалар бериш бўйича давлат хизматларини кўрсатишнинг ягона маъмурий регламенти” қабул қилинди. Ариза берувчи давлат хизматидан фойдаланиш учун Давлат хизматлари марказига шахсан келиши ёки Ягона интерактив давлат хизматлари порталида (ЯИДХП — my.gov.uz) рўйхатдан ўтиши керак.
Аризалар ЯИДХП орқали дам олиш ва байрам кунларидан қатъи назар, ҳар куни 24 соат давомида юборилиши мумкин. Аризани кўриб чиқиш учун белгиланган миқдорларда йиғим ундирилади. “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимида рўйхатга олинган шахсларга, шунингдек, I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга белгиланган йиғимнинг 50 фоизи миқдорида чегирма қўлланилади.
Мисол учун, ота-она энди дунёга келган гўдаклари учун биринчи марта туғилганлик ҳақидаги гувоҳномани уйдан чиқмаган ҳолда “my.gov.uz”дан фойдаланиб олиши мумкин. Бунинг учун ҳеч қандай ҳужжат талаб этилмайди. Бир иш кунида тақдим этиладиган гувоҳнома фуқароларга ўзларига қулай вақтда почта орқали етказиб берилади. Хизматдан “my.gov.uz” орқали фойдаланилганда, 10 фоиз чегирма қўлланилади: 44 550 сўм (0,135 БҲМ), почта тўлови — 25000 сўм.
Худди шундай, Ҳукуматнинг тегишли қарори билан тасдиқланган “Автомототранспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини берувчи ишончномани электрон шаклда расмийлаштириш бўйича давлат хизматини кўрсатишнинг маъмурий регламенти”га кўра, ишончнома ариза берувчи томонидан ЯИДХПдан фойдаланган ҳолда, ўзининг ва ишончнома берилаётган шахснинг биометрик паспорти ёки идентификацияловчи ID-картаси ҳамда жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами маълумотларини киритиш орқали мустақил равишда расмийлаштирилиши мумкин.
Ишончнома 1 ой, 6 ой ва 3 йил муддатгача берилади. Ҳужжатга киритиладиган шахслар сонига чеклов ўрнатилмайди. Электрон QR-кодли ишончнома нотариал тасдиқланган ишончнома билан бир хил юридик кучга эгадир.