— Шу вақтгача маҳалла ходимлари ҳар йилги меҳнат таътилига чиқмоқчи бўлсак, “Маҳалла” хайрия жамоат фондига ариза билан мурожаат қилардик. Моддий ёрдам ҳам ана шу фонд ҳисобидан ажратиларди. Маъмурий ислоҳотлар жараёнида тизимда ўзгаришлар бўлди. Хўш, моддий ёрдам ажратиш, раисларни рағбатлантириш, таътил аризаларини қаноатлантириш тартибида ҳам янгиликлар бўлдими?
Рофе НОСИРОВ,
Ургут туманидаги
“Шодлик” маҳалласи раиси.
Жамшид НАЗАРБОЕВ,
Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги масъул ходими:
— Дарҳақиқат, Президентнинг 2021 йил 18 октябрдаги “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимларини ижтимоий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонининг 1-бандида маҳаллаларни сақлаш билан боғлиқ харажатларни тегишли маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан молиялаштириш, маҳалла раисларини рағбатлантириш, уларга бухгалтерия хизматини кўрсатиш туман (шаҳар) маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бўлимлари томонидан амалга оширилиши белгиланган. Шунингдек, мазкур Фармоннинг 3-иловасида маҳалла раисларига ойлик иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар ва уларнинг молиялаштириш манбалари кўрсатилган.
Ўз навбатида 2022 йил 1 мартдаги “Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги Президент қарорининг 7-бандига мувофиқ, маҳалла раисининг ойлик иш ҳақи миқдори у бириктирилган маҳалладаги хонадонлар сонига мутаносиб равишда тўланади.
Президентнинг 2022 йил 21 декабрдаги “Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ, 2023 йил 1 январдан Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги негизида Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ташкил этилди. Мазкур Фармонга мувофиқ, ушбу Вазирликка Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлигининг ҳуқуқлари, мажбуриятлари, вазифалари ва функциялари ўтказилди.
Юқоридагиларга кўра, бундан буён маҳалла раисларининг сайланганини расмийлаштириш, яъни фуқаролар вакилларининг йиғилиши томонидан сайлангани ҳақидаги қарор ҳамда сайланган маҳалла раисларининг аризаларига асосан, туман (шаҳар) камбағалликни қисқартириш ва бандлик бўлими бошлиғининг буйруғи билан тасдиқланади.
Маҳалла раисларини меҳнат таътилига чиқариш, уларнинг аризаларига асосан, туман (шаҳар) камбағалликни қисқартириш ва бандлик бўлими бошлиғининг буйруғи билан амалга оширилади.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, маҳаллаларни сақлаш билан боғлиқ харажатларни тегишли маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан молиялаштириш, шунингдек, маҳалла раисларига ойлик иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар, меҳнат таътили билан боғлиқ харажатлар туман (шаҳар) камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлимлари ҳисобчилари томонидан амалга оширилади.
Шу билан бирга, маҳалла раисларини лавозимга тасдиқлаш, таътилга чиқариш, ваколат муддати тугаган маҳалла раисларини лавозимидан озод этиш, маҳалланинг моддий қийматликлари ҳамда тегишли ҳужжатларини расмийлаштириш, иш юритишга кўмаклашиш туман (шаҳар) камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлимларининг асосий вазифаси ҳисобланади.