— Маҳалламизда мавсумий ишларда банд бўлган аҳоли вакиллари кўпчиликни ташкил этади. Айрим ҳолларда улар пенсия ёшига етиб, маҳаллага пенсияга қандай чиқиши, иш стажи қандай ҳисобланиши бўйича мурожаат қилишади. Айтингчи, мавсумий ишларда банд бўлганлар пенсияга чиқаётганда иш стажи ва ўртача иш ҳақи қандай ҳисобланади?
Абдуҳаким БЕРДИЕВ,
Тойлоқ туманидаги
“Истиқлол” маҳалласи раиси.
Зафаржон ХЎЖАЕВ,
“Норма” эксперти, ҳуқуқшунос:
— Мавсумий ишларда банд бўлган ходимларда ёшга доир пенсия олиш ҳуқуқи умумий қоидаларга мувофиқ кучга киради. Яъни эркаклар — 60 ёшга тўлганда ва иш стажлари камида 25 йил бўлган тақдирда, аёллар — 55 ёшга тўлганда ва иш стажлари камида 20 йил бўлган тақдирда, пенсияга чиқиши мумкин.
Пенсия тайинлаш учун етарли иш стажига эга бўлмаганларга ёшга доир пенсия бор стажга мутаносиб миқдорда, камида 7 йил иш стажи мавжуд бўлган тақдирда тайинланади. Пенсияни ҳисоблаб чиқариш учун қабул қилинадиган ўртача ойлик иш ҳақини аниқлаш учун, ишдаги мавжуд танаффуслардан қатъи назар, меҳнат фаолиятининг охирги ўн йили давомидаги исталган кетма-кет беш мавсумдаги (пенсия сўраб мурожаат этган кишининг танлови бўйича) иш ҳақининг умумий миқдори олтмишга бўлинади.
Мавсумий ишларда банд бўлган ходимлар учун иш стажини ҳисоблаш учун имтиёз назарда тутилган. Яъни тўлиқ мавсум давомидаги иш 1 йиллик иш учун, тўлиқ бўлмаган мавсумда эса ҳақиқий давомийликка қараб ҳисобга олинади. Бунда иш стажи бўйича имтиёз Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган мавсумий ишлар рўйхатига мувофиқ тақдим қилинади.
Юқоридаги тоифадаги ходимларга тўлиқ мавсум давомида иш йили сифатида пенсия тайинлаш учун стажга ҳисобланадиган иш турлари рўйхатига пахта тозалаш саноати корхоналаридаги иш, қуритиш ва тозалаш цехини тозалаш ва иситиш, ишлаб чиқариш чиқиндиларини йўқ қилиш, шакар ва консерва саноати тармоқларида ишлаш, ипак саноати корхоналари ва фермер хўжаликларида ишлашни киритиш мумкин. Мисол учун, ишчи 7 мавсум давомида пахта хомашёсини тозалашда банд эди. Унга пенсия ҳисоблаб чиқаришда бу вақт иш стажида 7 йил сифатида ҳисобга олинади.