— Овулдошимиз яқинда неварали бўлди, ўзи давлат ташкилотида ишлайди. Чақалоқнинг онаси, яъни келини қўшимча даволанишга зарурат сезгани учун буви неварасига қараб туриш учун касаллик таътилига чиқмоқчи. Шундай қилса бўладими?
Ҳажетдин АБДУЛЛАЕВ,
Бўзатов туманидаги
Қусханатоу овул
фуқаролар йиғини раиси.
Ленара ҲИКМАТОВА,
“Норма” эксперти, ҳуқуқшунос:
— Вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақаси касал бўлганда, меҳнат ёки бошқа жароҳатларда, шу жумладан, маиший жароҳатларда, оиланинг бетоб аъзосини парваришлашни амалга ошираётганда, карантин, санаторий-курорт даволаниш ва протезлашда тўланади. Қариндошлар болаларни парвариш қилиш учун меҳнатга лаёқатсизлик варақасини расмийлаштираётганда боланинг ёши ва нима учун онанинг унга ғамхўрлик қила олмаслиги сабабини исботлаши зарур.
Юқоридаги вазиятда ходима-буви уч ёшгача бўлган болани парваришлашда банд бўлган она ёки унинг ўрнини босувчи шахс касал бўлганда ёки бошқа фарзанди билан стационарда бўлганда ушбу давр учун меҳнатга лаёқатсизлик варақаси олишга, ўз хизмат мажбуриятларини бажаришдан озод бўлишга ва вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақасини олишга ҳақли. Бунда меҳнатга лаёқатсизлик варақаси ўн тўрт кунгача берилади. Унинг асосида боланинг бувисига иш жойидан нафақа тўланиши керак.
Агар эмизикли болани парваришлаш даврида онанинг бетоблиги туфайли боланинг ўзи касалланиб қолса, у ҳолда стационар шароитда уч ёшга тўлмаган болани парваришлаш учун қаровни таъминлайдиган шахсга (бувига) даволашнинг барча даврига меҳнатга лаёқатсизлик варақаси берилиши керак.
Нафақа миқдори давлат ижтимоий суғуртаси бўйича нафақаларни тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги Низомга асосан, иш стажини ҳисобга олган ҳолда, иш ҳақининг 60 фоизидан 100 фоизигача миқдорда тўланади.