Президент Шавкат Мирзиёев ҳудудларга ташриф буюрар экан, албатта, қайсидир маҳаллаларда бўлади, одамлар билан самимий мулоқот қилиб, уларнинг турмуш тарзи, муаммо ва камчиликларини ўзларидан эшитади. Бундай манзарани ҳар гал оммавий ахборот воситалари орқали кўриб, ҳавас қилардик, кўнглимизда “қанийди, Президент бизнинг маҳаллага ҳам келса” деган умид уйғонарди. Шукрки, орзуимизга етишдик…
Куни кеча давлатимиз раҳбари Қашқадарё вилоятига ташрифи давомида маҳалламизда бўлиб, оддий одамлар билан мулоқот қилди, ҳудуддаги ободлик ва куз-қиш мавсумига тайёргарлик билан яқиндан танишди. Маҳалланинг янги маркази — йиғин гузари, хизмат кўрсатиш шохобчаларини кўздан кечирди. Нуронийлар Президентга ҳудуддаги ўзгаришлар, одамлар ҳаёти ҳақида сўзлаб берди.
Маҳалламизда 11 минг нафарга яқин аҳоли яшайди. Ҳудудда иккита мактабгача таълим ташкилоти, битта умумтаълим мактаби мавжуд. Жорий йилда яна учта кўп қаватли уй фойдаланишга топширилди. Йиғинда хизмат кўрсатиш соҳаси, тикувчилик ва ҳунармандчилик яхши ривожланган. Хусусан, аксарият одамларимиз йигирмага яқин савдо дўкони, сартарошхона, умумий овқатланиш шохобчаси ва бошқа турдаги тадбиркорлик субъектларида меҳнат қилмоқда.
Бандлик ҳақида сўз кетганда, биргина жорий йилда маҳалладаги икки юз нафардан ортиқ ишсиз аҳоли доимий ва мавсумий ишларга жойлаштирилди. Яна қарийб шунча фуқаро “Ишга марҳамат” мономарказлари ва бошқа нодавлат таълим муассасалари орқали ўқитилди. Уларнинг 191 нафари ўзини-ўзи банд қилган шахс сифатида иш бошлаган.
Ҳудуддаги кўп қаватли уйларда илгари тўртта оғир тоифадаги ширкат бўлган. Коммунал хизматларда муаммолар кўп эди. “Ойдин бошқарув сервис компанияси” ташкил этилиб, хизмат сифати яхшиланди. Мавсум олдидан кўп қаватли уйларда куз-қиш мавсумига зарур чоралар кўрилди. Хусусан, ўнта уйнинг томи, юздан ортиқ йўлаклар таъмирланди, иссиқлик қувурлари изоляция қилинди.
Ҳудуд инфратузилмасини яхшилаш, яшил масканларни барпо этишга алоҳида эътибор қаратганмиз. Жумладан, “Яшил макон” лойиҳаси доирасида олти минг тупдан ортиқ мевали ва манзарали кўчатлар ўтқазилган. Кўчалар асфальтланган, тунги ёритгичлар ўрнатилган. Икки километрлик пиёдалар йўлакчаси ташкил этилган.

Президентимиз маҳаллани пиёда кезар экан, бу ерда яратилган шароитларни маъқуллаб, аҳолига янада кўпроқ қулайликлар яратиш зарурлигини қайд этди. Йиғиндаги 11-уйда яшовчи Дилшод Набиев хонадонида меҳмон бўлди. Оила бошлиғи институтда ўқитувчи. Турмуш ўртоғи Ҳурриятхон билан икки фарзандни вояга етказмоқда. Улар ўз турмуши ва меҳнат фаолияти, болаларга берилаётган эътибор ва имкониятлар ҳақида сўзлаб берди. Президент ёш оилага оилавий ҳамжиҳатлик, фарзандлари камолини кўриб юришни тилади.
Шу билан бирга, маҳалла фаоллари билан учрашувда Шавкат Мирзиёев “еттилик” фаолиятига алоҳида тўхталиб ўтди. Юртимизда барча ижтимоий чора-тадбирлар маҳаллаларда, халқ билан биргаликда ташкил қилинаётгани, бу тизим босқичма-босқич ривожлантирилиб, энди янада кенг ваколат ва имкониятлар берилганини қайд этди. Шу мақсадда маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси, хотин-қизлар фаоли, ёшлар етакчиси ҳамда профилактика инспекторидан иборат тизимга солиқчи ва ижтимоий хизмат ходими қўшилиб, “маҳалла еттилиги” жорий этилганидан умидлари катта эканини таъкидлади.

Яна бир гап: келгуси йилдан “Маҳалла бюджети” тизими тўлиқ жорий қилинади. Бу орқали маҳаллаларнинг ҳар бири 100 миллион сўмгача маблағга эга бўлади. Шунингдек, амалдаги учта платформа — “Онлайн маҳалла”, “Хотин-қизлар”, “Ёшлар портали” ўзаро интеграция қилиниб, ягона тизимда мужассамлаштирилади. Эндиликда бизнинг зиммамизда биргина вазифа қолади: мазкур тизимни самарали ишлатиш, бундай кенг ваколат ва маблағлардан фойдаланиб, маҳалладаги долзарб муаммоларни ҳал қилишимиз зарур. Бунда аҳолини тадбиркорликка, хотин-қизларни касб-ҳунарларга жалб этиб, даромадини ошириш, ёшлар учун маданий тадбирлар, мусобақалар ташкил этишга эътибор қаратамиз.
Умуман олганда, Президент ташрифи маҳалладаги одамларга улкан қувонч улашди. Шу билан бирга, зиммамиздаги вазифаларни янада уюшқоқлик, ҳамжиҳатлик билан давом эттириш, одамлар билан мулоқотни бир лаҳза бўлса-да, узиб қўймаслик, ҳар қандай масалани маҳалланинг ўзида ҳал этишга урғу бериш кераклигини ҳис этдик. Масъулиятимиз ўн карра ошди.
Ғайрат ҚЎЧҚОРОВ,
Қарши шаҳридаги
“Ойдин” маҳалласи раиси.