— Маҳалла аҳли турли масалалар билан йиғин идорасига мурожаат қилади. Шундай маҳалладошимиздан бири хусусий дўконда сотувчи бўлиб ишлайди, ҳомиладор. У яқинда дўкон эгасидан “декрет” беришини сўрамоқчи. Айтингчи, хусусий дўконда ҳам қонуний тарзда “декрет” олса бўладими?
Шуҳрат АЗИЗОВ,
Навоий шаҳридаги
“Ватан” маҳалласи раиси.
Ёқутхон ЮСУПОВА,
Адлия вазирлиги масъул ходими:
— Агар маҳалладошингиз қонуний тарзда охирги 6 ойдан бери ушбу дўконда ишлаб келаётган бўлса, бу ҳолда унга меҳнатга лаёқатсизлик варақаси очилади ва 5 иш куни ичида ундаги маълумотлар ҳудудий амбулатор-поликлиниканинг ёки туғуруқхона муассасасининг масъул ходими томонидан “Тиббиёт” ахборот тизимига киритилади.
«Ягона реестр» АТ томонидан нафақа олувчининг охирги олти ой давомидаги узлуксиз иш стажи, меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлари ва унинг юридик шахсларда ишлаши тасдиқланганда, нафақани тайинлаш тўғрисидаги қарор автоматик тарзда шакллантирилади. Бу орқали аёлга 4 ойлик нафақа тайинланади. Нафақа ходимнинг фарзанди туғулгунига қадар минимал истеъмол харажатларининг 4 баравари миқдорида тўланади.