— Кўп ҳолларда маҳалла фуқаролар ўзаро пулли муносабатларда паспортини гаровга қўяди. Кейинчалик ўзаро зиддият пайдо бўлса, ақдор томонидан қарздор паспортини бермайди. Бу ҳолат қонунчиликда қандай жавобгарликка сабаб бўлади?
Акмалжон ҚАМБАРОВ,
Фурқат туманидаги “Катта янги” маҳалласи раиси.
Шоҳруҳ ҒИЁСОВ,
Ички ишлар вазирлиги ахборот хизмати раҳбари:
— Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 7 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг биометрик паспортини ва 16 ёшга тўлмаган шахслар учун фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳаракатланиш ҳужжатини бериш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг биометрик паспортини ва 16 ёшга тўлмаган шахслар учун фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳаракатланиш ҳужжатини бериш тартиби тўғрисида”ги низом талабига кўра, фуқаро ёки фуқаролиги бўлмаган шахс ва уларнинг қонуний вакиллари паспорт ва ҳаракатланиш ҳужжатини эҳтиётлаб сақлаши керак.
Паспорт ёки ҳаракатланиш ҳужжатини олиб қўйиш (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно), шунингдек гаровга топшириш ва бошқа шахсларга бериш тақиқланади.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддасига кўра, фуқаролардан паспортларини қонунга хилоф равишда олиб қўйиш ёки паспортларни гаровга олиш энг кам иш ҳақининг ўн бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.