— Маҳалламизда давлат томонидан чет элга ишга юборилган фуқаролар бор. Уларнинг аксарияти пенсия ёшига етгач, уйга қайтишни мўлжаллаб турибди. Биламизки, пенсияни ҳисоблашда охирги 10 йилликнинг исталган 5 йили танлаб олинади. Айни вазиятда пенсия ёшига етгунга қадар охирги 7-8 йилни чет элда ўтказганларга пенсия қандай ҳисобланади?
Ортиқали ИБРОҲИМОВ,
Олтинкўл туманидаги
“Бўстон” маҳалласи раиси.
Фаррух ПАРДАЕВ,
Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси бўлим бошлиғи:
— Пенсия жамғармасига ижтимоий солиқ тўлаш чет элда ёлланиб ишлаган Ўзбекистон фуқаролари учун пенсияларни ҳисоблашда иш стажини ҳисобга олиш кафолати саналади. Чет элда ишлаган даврлар қуйидаги шартларга кўра фуқароларнинг меҳнат стажига қўшилади:
- 2019 йил 1 январга қадар бўлган давр учун – суғурта бадаллари тўланган тақдирда;
- 2019 йил 1 январдан 2019 йил 31 декабрга қадар бўлган давр учун – ягона ижтимоий тўлов тўланган тақдирда;
- 2020 йил 1 январдан — ижтимоий солиқ тўланган тақдирда.
Ушбу даврлар учун тўланган суммалардан даромад ҳисоблаб чиқарилади.
Чет элда ёлланиб ишлаш (шартнома) далили ваколатли органлар томонидан меҳнат дафтарчаларига киритилган ёзувларга мувофиқ белгиланади. Буларга Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги киради. Агентлик ўзбекистонлик фуқароларни танлаш, тайёрлаш, мослаштириш тадбирларини ўтказиш ва хорижда ишга жойлаштириш жараёнларини самарали бошқариш ҳамда назорат қилиш орқали уларга хорижда меҳнат фаолиятини олиб боришга кўмаклашади.
“Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида”ги Низомга кўра, иш даврлари меҳнат дафтарчасидаги ёзувлар, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг «Labor-migration» дастурий мажмуасидаги маълумотлар, чегарани кесиб ўтгани тўғрисидаги паспортдаги ёзувлар (муҳрлар, штамплар ёки белгилар), Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасаларининг бошқа давлатда бўлган вақти ва консуллик ҳисобига қўйилганлиги маълумоти кўрсатилган тегишли ҳужжатлар билан тасдиқланади.
Чет элда ишлаш даврида ижтимоий солиқни қачон ва қанча миқдорда тўлаш мумкин? Чет элда меҳнат шартномаси асосида ишлайдиган фуқаролар ижтимоий солиқни ўз имкониятларидан келиб чиқиб, ихтиёрий тарзда йилига камида БҲМнинг бир баравари (ҳозирда 330 000 сўм) миқдорида тўлашлари мумкин. Бунда сумманинг 1/12 қисмини ҳар ойда ёки 1/4 қисмини ҳар чоракда, шу билан бирга, Ўзбекистонга келган кунидан бошлаб уч йил мобайнида бутун суммани бир йўла тўлаш мумкин.
Ижтимоий солиқни қайси валютада тўлаш керак? Миллий валютадаги ижтимоий солиқ меҳнат шартномаси асосида чет элда ишлаётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари доимий яшаш жойи бўйича Пенсия жамғармасининг Молия вазирлигининг Ягона ғазна ҳисобварағида очилган шахсий ғазна ҳисобварағига тўланади. Фуқаро солиқни мустақил равишда тўлаши ёки бу ишни оила аъзоларига ёхуд ишончли вакилга топшириши мумкин