— Маълумки, маҳалладаги фуқаролар моддий ёрдам ва бола пули олишга ариза топширганда кўп ҳолларда оиланинг бир аъзосига ўртача ойлик даромад ҳажми ортиб кетибди, дея ариза рад этилади. Айтингчи, оиланинг ҳар бир аъзосига ўртача бир ойлик даромад хажми қандай аниқланади?
Шавкат ЭРГАШЕВ,
Қўқон шаҳридаги
“Ойдинбулоқ” маҳалласи раиси.
Баҳриддин ЗИЯТОВ,
Пенсия жамғармаси ахборот хизмати раҳбари:
— Бир ойлик ўртача даромад миқдорини ҳисоблаб чиқишда ҳисобга олинадиган оиланинг жами даромадига оила томонидан олинган бир қатор даромадлар киритилади. Жумладан, меҳнатга ҳақ тўлаш шаклидаги ва мулкий даромадлар, олинган алиментлар. Бунда фуқаро томонидан тўланган алиментлар суммаси оиланинг жами даромадидан чиқариб ташланади. Якка тартибдаги тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи ва ўзини ўзи банд қилган фуқароларга ҳисобланадиган норматив даромадлар, пул тушумлари, шу жумладан, чет элда ишлайдиган ёки чет элда тадбиркорлик ва бошқа фаолиятни амалга оширувчи оила аъзолари ва бошқалардан олинган пул ўтказмалари суммаси. Бунда хорижий валютада олинган пул ўтказмалари Марказий банкининг «Ягона реестр» АТ томонидан электрон маълумот олинган кундаги белгиланган курси бўйича миллий валютада ҳисобга олинади.
Ариза берувчи ва оила аъзосининг ҳар бир корхона устав фондидаги улуши, бироқ меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг икки бараваридан кам бўлмаган бир ойлик ўртача норматив даромад миқдори қабул қилинади.
Ҳақ тўланадиган жамоат ишларида қатнашганлик учун шахсга тўланган меҳнат ҳақи, субсидияларни олган жисмоний шахсларга ҳисобланадиган норматив даромадлар, томорқа ер ва/ёки деҳқон хўжалигини юритишдан олинган даромад, чорва моллари ва паррандалари мавжуд бўлган фуқароларга ҳисобланадиган норматив даромадлар, қонунчилик ҳужжатларида белгиланган бошқа даромадлар ҳам бир ойлик ўртача даромад миқдорини аниқлашда инобатга олинади.
Меҳнатга ҳақ тўлаш шаклидаги даромадлар амалда ҳисобланган сумма бўйича ҳисобга олинади (қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар чегириб ташлангунига қадар).
«Ҳар бир оила — тадбиркор» дастури доирасида микрокредит олинган санадан бошлаб охирги 12 ой мобайнида оилавий тадбиркорликни амалга оширишдан олинган даромадлар оиланинг даромади таркибига киритилмайди.