Айни кунларда маҳалламизда “Жонажон юртим ободлигига ўз ҳиссамни қўшаман!” шиори остида “Обод маҳалла”, “Обод кўча”, “Обод хонадон” мезонлари асосида фуқаролар ўзаро бирлашиб, аҳил-иноқлик билан ўзлари яшаб турган хонадон ва кўчаларни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш тадбирларида фаол иштирок этяпти.
Маҳалламизда 2 035 нафар аҳоли яшаса, 489 та хонадон ва 5 та кўча бор. Ҳар бир кўча секторлар кесимида бўлиб берилган. Режага кўра, 6,2 км. масофада асфальтлаш ишлари белгиланган бўлса, ҳозиргача, биринчи босқичда 2,5 км. қисми бажарилди. Дўстлик кўчасига 2 км. ичимлик сув тармоғи тортилди. Шунингдек, Тинчлик кўчасига 1,5 км. тармоқ тортиш ишлари давом этяпти. 2 та кўп қаватли уйларнинг ташқи фасади ва том қисми таъмирланяпти. Эски симёғочлар ўрнига 76 та янги бетон устунлар ўрнатиш, 2,5 км. электр тармоғини янгилаш ишлари бошланди.
Бундан ташқари, янги маҳалла биноси қуриш ишлари якуний палласига кирмоқда. Ҳозиргача бино пойдевори ва деворлари тикланди. Том қисмини ёпиш ишлари кетяпти. Ҳомийлик ва ҳашар йўли билан кўчалар, ариқ-зовурлар тозаланди. Дўстлик кўчасидаги 12 та симёғоч бетон устунга алмаштирилди. 5 дона тунги ёритиш чироқлари ўрнатилди.
Қолаверса, ўтган йили Озод кўчасига 62 та бетон устунлар ўрнатилиб, 1,5 км. кабел тортилганди. 2 км. дан ортиқ ичимлик сув тармоғи янгиланган. Дўстлик кўчасидаги 54 та хонадонга газ тармоғи тортилиб, электр ҳисоблагичлар ўрнатилган.
Аҳоли томорқасидан унумли фойдаланишни йўлга қўйиш мақсадида хонадонма-хонадон юриб, кичик иссиқхоналар қуряпмиз. Ҳозирда жами 38 та хонадонда иссиқхона учун жойлар тайёрланди.
Маҳалламизда эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қуватлашга алоҳида эътибор берилади. Ўтган йили 2 та кам таъминланган оилага уй қуриб берилди. Бугун Гулмира Улуғбоева ҳамда Мартабали Ботировлар оиласи барча шароитларга эга хонадонда умргузаронлик қилишмоқда.
Ҳудудда янги иш ўринлари яратиш орқали ишсизликни тугатишга ҳаракат қиляпмиз. Масалан, охирги хатловда 105 нафар ишсиз рўйхатга олинган бўлса, ҳозирда улар 40 нафар қолди. Бунда, асосан, ишсизлар касб-ҳунарга ўқитилиб, субсидия ва кредит олишга тавсия берилди, жамоатчилик ишларига жалб қилдик. Жами 12 та тадбиркорлик субъекти фаолият олиб бориб, уларда жами 50 нафарга яқин иш ўрни яратилган.
Режада ҳали ечимини топмаган масалалар кўп. Жумладан, Ёшлик кўчамизни асфальтлаш керак. “Озод” ва “Нуробод” маҳалласи аҳолисига хизмат кўрсатувчи қишлоқ врачлик пункти анча таъмирталаб, шароити хаминқадар. Бундан ташқари, ҳудудимизда болалар ўйингоҳи ва кутубхонага эҳтиёж катта. Баъзан болалар бўш вақтини қаерда ўтказишини билишмайди.
Валижон ТЎЙЧИЕВ,
Поп туманидаги
“Нуробод” маҳалласи раиси.