Тарихда маҳалла ҳудудида Абдураҳмон қози деган киши ўтганлар. Авлодлари ҳозир ҳам шу маҳаллада яшашади. Шу киши номига боғлаб, “Қозигузар” деб аталган. Йиғинда 505 та хонадон бўлиб, 4194 нафар аҳолининг барчаси ҳовлиларда истиқомат қилади.
Маҳалла “драйвери” – тадбиркорлик. Ишлаб чиқариш корхонаси маҳалла ҳудудида бўлмаса-да, ўзи шу ерда яшайдиган тадбиркорлар кўп. Савдо дўконлардан ташқари, хонадонларида ҳунармандчилик ва ёғоч ўймакорлиги билан шуғулланаётган тадбиркорлар бор. Хотин-қизлар ўз уйларида аёллар кийимларини тикиб, бозорга чиқариб сотишади. Баъзи аёллар ўзини ўзи банд қилиб, яна 4-5 нафар хотин-қизни ишли қилган.
Йиғинда саховатпеша тадбиркорлар кўп. Яқинда икки нафар фуқарога саломатликларини тиклаш учун 10 миллион сўмдан 20 миллион сўм ёрдам кўрсатилди. Тадбиркорлар “Аёллар дафтари”да турган 120 нафар аёлга давлат томониджан бериладиган моддий ёрдамдан ташқари, 4 миллион сўмдан берди.
“Ёшлар дафтари”га рўйхатга олинган 15 нафар ёшнинг 14 нафарига турли ёрдамлар кўрсатилди. Хусусан, икки нафарининг сафарбарлик ҳарбий хизмат тўлови, бир нафарига субсидия, бир нафарига даволаниши учун 7 миллион сўм, қолган ёшларнинг контракт пуллари тўлаб берилди.
Маҳалланинг барча – 22 та кўчаси асфальтланди. Қозигузар кўчасига янги подстанция ўрнатилиб, хонадонлардаги электр энергия таъминоти яхшиланмоқда.
Йиғинда дарахт ва гул экиш анъанага айланган. Бу анъана маҳалла идорасидан бошланган. Бу ерда турфа гулларни учратасиз. “Яшил макон” лойиҳаси доирасида 150 туп мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экилди. Бундан ташқари, гул кўчатлари экилмоқда.
Мухтабар УМАРХЎЖАЕВА,
Учтепа туманидаги “Қозигузар” маҳалласи раиси.