— Бировга пул қарз бериб, сўнгра ололмай сарсон юрганлар ҳақида ҳаётда кўп эшитамиз. Баъзида қарз олгани тўғрисидаги қоғоз нотариус томонидан тасдиқланган вазиятда ҳам пулини ундиролмаётганлар учраб туради. Маҳалламизда ҳам шундай ҳолат юз берди: бир тадбиркор фуқаромиз қўшни маҳалладаги танишига 15 миллион сўм қарз бериб, анча вақтдан буён ололмай юрган экан. Айтингчи, қарзни қайтариб олишнинг кафолатланиши учун қандай қонун-қоидаларга амал қилиш керак?
Турсуной АЛЛАЁРОВА,
Термиз туманидаги
“Гулираъно” маҳалласи раиси.
Фаррух ЖЎРАЕВ,
Адлия вазирлиги масъул ходими:
- Авваламбор, қарз ўзи нима, деган саволга жавоб берсак. Қарз шартномаси бўйича бир тараф (қарз берувчи) иккинчи тарафга (қарз олувчига) пул ёки бошқа ашёларни мулк қилиб беради, қарз олувчи эса қарз берувчига бир йўла ёки бўлиб-бўлиб, ўшанча суммадаги пулни ёки қарзга олинган ашёларнинг хили, сифати ва миқдорига баравар ашёларни (қарз суммасини) қайтариб бериш мажбуриятини олади (Фуқаролик кодексининг 732-моддаси).
Фуқаролар ўртасида қарз шартномаси, агар бу қарзнинг суммаси базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан ортиқ бўлса (3 300 000 сўмдан ортиқ), оддий ёзма шаклда тузилиши шарт, шартномадаги тарафлардан бири юридик шахс бўлганида эса суммасидан қатъи назар, ёзма шаклда тузилади.
Қарз олувчи олинган қарз суммасини шартномада назарда тутилган муддатда ва тартибда қарз берувчига қайтариши шарт. Агар қарзни қайтариш муддати шартномада белгиланган бўлмаса, қарз олувчи уни қарз берувчи қарзни қайтариш ҳақида талаб қўйган кундан бошлаб ўттиз кун мобайнида қайтариши керак.
Қарз шартномаси бўйича мажбуриятнинг бажарилиши неустойка, гаров, қарздорнинг мол-мулкини ушлаб қолиш, кафиллик, кафолат ҳамда қонун ҳужжатлари ёки шартномада назарда тутилган бошқача усуллар билан таъминланиши мумкин. Бундан ташқари, фуқаролардан шу нарсани илтимос қилган бўлардикки, агар нотариал идорага боришнинг имкони бўлмаса, қарз олувчидан қарз олгани ҳақида тилхат ёздириб олиш мақсадга мувофиқ. Келгусида бу тилхат судда қарзни ундириш учун тасдиқловчи ҳужжат сифатида инобатга олинади.
Агар қарзни қайтариб беришдан бош тортса, маблағлар суммасига фоиз тўланиши керак. Фоизлар миқдори кредитор яшайдиган жойда, пул мажбурияти ёки унинг тегишли қисми бажарилган кунда мавжуд бўлган банк фоизининг ҳисоб ставкаси билан белгиланади. Қарз суд тартибида ундириб олинганида суд кредиторнинг талабини даъво қўзғатилган кундаги ёки қарор чиқарилган кундаги банк фоизининг ҳисоб ставкасига қараб қондириши мумкин.