Ҳар бир ҳудуддан ҳар чоракда битта маҳалла танланиб, “Обод хонадон”, “Обод кўча”, “Обод маҳалла” мезонлари асосида кўркам қиёфага келтириляпти. Бунда, айниқса, чекка ва олис қишлоқлар танлаб олинаётгани ҳудудларнинг неча йиллик муаммоларини ҳал этиш, аҳолига қулайлик яратиш, инфратузилмани яхшилаш имконини бермоқда.
Жорий йил октябрь ойидан 3 109 нафар истиқомат қилувчи “Наврўз” маҳалласида юқоридаги ишларга киришилди. Бу жараёнда йиғиндаги бешта — Исломобод, Камалак, Чароғон, Янги турмуш, Истиқлол кўчаларининг барчаси шағалланади. Туман марказига элтувчи 11 километр йўл асфальт қилинади, ҳозирда унинг 2 километр қисмида ишлар якунланди. Шу билан бирга, маҳаллада 180 ўринли янги мактаб бунёд этилди, 2 та янги трансформатор ўрнатилиб, 5 километр масофада ичимлик сув қувурлари тортиляпти.
Ечимини кутаётган масалалар ҳам йўқ эмас. Жумладан, маҳалла фаоллари эски бинода фаолият юритамиз. Ходимлар учун зарур шароитларга эга янги маҳалла биносига эҳтиёж бор. Бу ҳақда туман ҳокимлигига таклиф билан чиққанмиз, маҳаллий дастурга киритилишини кутяпмиз. Қолаверса, йиғиндаги қишлоқ врачлик пунктини янгилаш мақсадида “Ташаббусли бюджет” лойиҳасига киритдик. 2 000 дан ортиқ овоз олган бўлсак-да, ғолиб бўла олмадик. Бироқ ҳали умидимизни узганимиз йўқ.
Бандлик масаласи, асосан, деҳқончилик ва чорвачилик ортидан ҳал этиляпти. Маҳаллада 150 га яқин иссиқхона бор, уларда кўпроқ помидор ва болгар қалампири етиштирилади. Шу билан бирга, аксарият аҳоли вакиллари ўз томорқасидан банд, ер билан тиллашиб, рўзғорини бутлаяпти. Шунга кўра, ўзини ўзи банд қилган фуқароларнинг катта қисми айнан деҳқончилик билан боғлиқ. Ҳудудда тунука ишлаб чиқариш цехи, 2 000 та товуқдан иборат паррандачилик фермаси мавжудки, уларда ҳам аҳоли бандлиги таъминланган. Яқин орада тикувчилик цехи ишга тушади.
Тизимдаги ўзгаришлар ҳақида фикр билдирсам, маҳаллаларни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш бўйича кенгашлар ташкил этилишини маъқуллайман. Боиси ҳудуддаги қайсидир масала бўйича айрим вақтларда кимга мурожаат қилишни, кимдан кўмак кутишни билмай қолардик. Эндиликда кенгашлар маҳалла “еттилиги” қўйган масалалар бўйича ҳар бир туманнинг хусусияти, маҳаллаларнинг ўзига хослигидан келиб чиқиб, муаммоларга ечим топади, молиявий манбаларини аниқлайди.
Бундан ташқари, туман бандлик идораларининг бир қатор вазифалари маҳаллага ўтказилаётгани ортиқча югур-югурларнинг олдини олади. Хусусан, бундан буён Жамоат ишлари жамғармаси маблағлари ҳисобидан ишсиз аҳолини ободонлаштириш ва мавсумий ишларга жалб қилиш, уларга ҳақ тўлаш ваколати маҳалла раиси ихтиёрида бўлади. Бу билан меҳнат бўлимлари тақдим этадиган вакант ўринларга маҳалла раиси ўз ҳудудидаги ишсизларни ишга жойлаштириш имконига эга бўлади. Бу жиҳат ишсизликни камайтиришда қўл келади, албатта.
Эркин ПРИМҚУЛОВ,
Қизириқ туманидаги
“Наврўз” маҳалласи раиси.