Бугун юртимизнинг қайси ҳудудига борманг, бундёкорлик ишлари устидан чиқасиз. Барчаси аҳоли фаровонлигини таъминлашга қаратилган. Бизнинг маҳаллада ҳам ўзгаришлар катта. Эски ичимлик сув тармоғи янгисига алмаштирилмоқда. Шу кунгача 3 километр сув қувурлари янгисига алмаштирилди. 15 та ички кўчамизнинг 700 метри асфальтланди, 1 километрига шебен ётқизилди.
Маҳалламизда эшик-ром, темир дарвоза ясайдиган уста ҳунармандлар, мебелчилар кўп. Маиший хизмат кўрстаиш шохобчалари ҳам кенгаймоқда. 3 та хусусий боғча ташкил этилган. Юздан ортиқ аҳолимиз қўшни маҳалладаги текстиль корхонасида ишлашади.
Маҳалламиз қабристонини обод этиш мақсадида 5 та артезиан қудуғини қазиб, атрофига терак, гужум дарахтларини экдик. Яшилликни янада кўпайтириш учун Аҳмад Яссавий, Мустақиллик кўчаси ҳамда 27-мактаб ҳудудида ҳам артезиан қудуқларини қаздик.
Куни кеча давлатимиз раҳбари бошчилигида ўтказилган селектор йиғилишида мамлакатимизда яшилликни кўпайтириш учун “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасидаги катта ишлар белгилаб олинди.
25 октябрдан 1 декабргача “кузги дарахт экиш мавсуми” эълон қилинди. Бу мавсумда 85 миллион туп кўчат экилиши белгиланди. Энг муҳими, Республика штаби тузилиб, унга Фанлар академияси, Тупроқшунослик ва Ўрмончилик институтлари, ўрмон хўжалиги раҳбарлари киритиладиган бўлди. Улар тупроқ таҳлили ва иқлим шароити асосида кўчат турини белгилаб беради. Шу ўринда айтишим мумкинки, бизнинг маҳаллага кўпроқ терак, гужум, оқтол қора тол, мевали дарахтлар мос келади.
Ўрмон хўжалиги агентлиги томонидан ҳар бир маҳаллага 200 тадан кўчат бепул етказиб берилиши “маҳалла бешлиги”га катта имконият билан бирга, масъулият ҳам юклайди. Чунки ҳар бир кўчатнинг сўрови бор. Барча туман ва маҳаллаларда кўчат ярмаркасининг ташкил этилиши ҳам аҳоли учун яна бир имкониятдир.
Яна бир қувончли хабар, кўчат экишда манфаатдорликни ошириш мақсадида автомобиль, темир йўл, дарё ва каналлар бўйи аҳоли ва тадбиркорларга шартнома асосида ер тоифаси ўзгартирилмасдан бўлиб берилади. Таъкидланишича, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг Жамоат ишлари жамғармаси маблағлари бундан буён маҳаллаларнинг ўзига берилади ва дарахт экиш, парваришлаш ва тозалик тадбирларига йўналтирилади.
Зерипбой ЖУМАНИЁЗОВ,
Шовот тумнаидаги “Бунёдкор” маҳалласи раиси.