Маҳалламизда 964 хонадонда 1548 та оилада 5263 нафар фуқаро яшайди. Асосий “драйвер”имиз — томорқачилик ҳисобланади. Президентимизнинг “2022-2023 йилларда маҳаллалар инфратузилмасини янада яхшилаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида Қут-барака, Камолот сари, Саодат манзили, Наврўз, Боғ кўчаларимизнинг 5 км. йўллари асфальтланди. Бундан ташқари, аҳоли ташаббуси ва маблағлари ҳисобига Ҳидоят кўчасининг 500 метр, Серқуёш кўчасининг 300 метр қисми асфальтланди. 2022 йилда ҳам Мустақиллик кўчасига 51 та бетон таянч устунлар ўрнатилиб, 1,5 км. сим тортилганди. Битта трансформатор янгиланган.
Камбағалликни қисқартириш, бандликни таъминлашда ҳоким ёрдамчиси билан ҳамкорлик қиляпмиз. Сўнгги хатловда 105 та ишсиз рўйхатга олинган эди. Бугун уларнинг аксариятининг бандлиги таъминланди. 32 нафар ишсиз хотин-қизларга субсидия асосида тикув машинаси берилди, 25 нафарига кредит ажратилди. Асосан касаначилик билан бандлик таъминланяпти. Ҳозирда 60 нафар ишсиз бор. 58 та тадбиркорлик субъекти фаолият юритса, уларда 130 та иш ўрни мавжуд.
Юқорида таъкидлаганимиздек, томорқачиликда ўзига хос мактаб яратилган бўлиб, аҳоли ҳар қарич ердан унумли фойдаланади. Табиийки, шунга монанд яхши даромадга ҳам эга бўлмоқда. Аҳоли ихтиёрига берилган 37 гектар томорқанинг 80-85 фоизида иссиқхона мавжуд. Ҳар йили эрта кўкламда мазкур иссиқхоналарда парваришланадиган помидор, бодринг, қалампир, булғор қалампири, карам, бақлажон сингари ўн миллионлаб кўчат Фарғона водийси, Сирдарё, Жиззах ва Тошкент вилоятлари томорқачиларига етказиб берилади. Қиш мавсумидаёқ буюртмалар миқдори аниқ бўлиб улгуриши сабабли найманликлар бозорма-бозор кўчат кўтариб, харидор излаб юрмайди. Кўчатлар савдоси тугаб-тугамай найманликлар иссиқхонасидаги экинларнинг илк ҳосил нишонаси бўй кўрсатади. Маҳалламиз аҳолиси бозорга тайёр маҳсулот етиштириб сотишнинг ҳам ҳадисини олган. Томорқада қўлбола усулда тикланадиган камхарж иссиқхоналар тежамкор бўлиб, у табиий усулда (термос усули: икки қаватли плёнка ўртасига маккажўхори пояси тўшалади, маҳаллий ўғитлар ёрдамида ҳарорат мўътадиллиги таъминланади) иситилади. Бунинг учун табиий газ ёки бошқа ёқилғи воситаси деярли шарт эмас.
Шу билан бирга келгусида маҳалламиз инфратузилмасини яхшилаш бўйича бир қатор режаларимиз бор. Масалан, электр энергиясидаги муаммоларни бартараф этиш бўйича таклиф киритганмиз. Янги маҳаллалардаги қўлбола симёғочларни алмаштириш керак. Обод, Ёшлик, Найман, Дилкаш кўчаларимизни асфальтлаш мақсадида “Ташаббусли бюджет”га таклиф киритмоқчимиз.
Ўктамжон ХАЙИТОВ,
Бувайда туманидаги
“Найман” маҳалласи раиси.