Маҳалламизда мавжуд инфратузилмани яхшилаш борасида амалга оширилаётган ишлар бу ерда яшаётган 5 600 нафардан зиёд аҳолининг турмуш даражасини оширишда муҳим омил бўлмоқда. Хусусан, маҳалладаги 2 километрдан ортиқ ички йўллар таъмирланди, қирққа яқин кўп қаватли тураржойларнинг кириш йўлаклари соз ҳолга келтирилди. Бундан ташқари, қуёш панеллари орқали ишлайдиган тунги ёритгичлар ўрнатилмоқда.
Бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари билан бир қаторда маҳаллада ишсизликни камайтириш чора-тадбирлари ҳам изчил олиб борилмоқда. Хусусан, йил бошида ишсиз сифатида рўйхатга олинган 50 нафардан зиёди бандлигини кафолатлашга жиддий эътибор қаратяпмиз. Ҳозиргача уларнинг аксарияти жамоат ишлари, касбга тайёрлаш марказларига йўналтирилди, яна бир қисми ўзини ўзи банд қилиши учун субсидия маблағлари ва имтиёзли кредитлар эвазига янги тикув ускуналари, озиқ-овқат ва қандолат маҳсулотлари тайёрлаш учун электропечлар билан таъминланди. Ҳозирда маҳалла ҳудудида 30 дан ортиқ тадбиркорлик субъекти фаолият кўрсатмоқда.
Сизга бир гапни айтсам, ўтган йили бир гуруҳ фаоллар билан бирга ҳудудда фойдаланилмай турган 40 сотихдан зиёд ер майдонида яхши ният билан боғ яратиш ишларини бошлаган эдик. Кўпчилик бир ёқадан бош чиқариб, ушбу майдонда тозалаш ишларини олиб бордик ва 200 тупга яқин мевали, манзарали дарахт кўчатларини ўтқаздик. Кўчатларга вақтида сув берилди, парваришлаш ишларига масъулият билан ёндашилди. Натижада бир пайтлар бефайз ва қаровсиз ётган ер ўрнида сўлим боғ пайдо бўлди. Бу ерда олма, ўрик, шафтоли, нок, узум кўчатлари ва маҳаллий дарахтларнинг бир нечта турлари мавжуд. Дарахт кўчатлари орасига бодринг, помидор, сабзи, тарвуз ва қовун экканмиз. Ҳадемай бу мевали кўчатлар ҳосилга кирса, маҳалламиз боғи болалар билан тўлади. Бу боғ маҳалламиздаги аҳиллик, одамларимиздаги яратувчанлик ва меҳр-оқибатнинг бир меваси, десам янглишмайман.
Таклифлар масаласига келсак, мана шу тажрибамизни — ҳар бир маҳаллада боғлар бунёд этишни оммалаштириш керак. Бунинг ҳуқуқий асоси ҳам мавжуд — ўтган йили “Яшил боғлар” ва “Яшил жамоат парклари” фаолиятини йўлга қўйиш бўйича Ҳукумат қарори қабул қилинган. Шу асосда бу борадаги ишларни жонлантириш мумкин. Тўғри, айрим ҳудудларда сув масаласи оғирроқ бўлиши мумкин, бироқ бугун сув тежовчи технологиялар асосида боғ-роғлар яратаётганлар ҳам кам эмас-ку? Уларнинг тажрибасидан фойдаланиш мумкин.
Нега бу фикрни билдиряпман? Кўпгина маҳаллаларда аҳоли мароқли дам олиши учун етарли шароитлар мавжуд эмас. Айниқса, ёз кунлари, соя-салқинга эҳтиёж туғилганда, яшил боғлар асқотади. Бу жойларда маданий ҳордиқ чиқариш билан бирга, болажонларнинг яйраб ўйнашига ҳам имконият бўлади. Ахир қишлоқ маҳаллаларидаги аҳоли ҳар ҳафта ҳам фарзандини туман марказидаги истироҳат боғларига олиб боролмайди-ку? Шундай экан, бундай боғларни маҳалланинг ўзига олиб келиш, шу ерда бунёд этиш лозим.
Амир УЗОҚБОЕВ,
Нукус шаҳридаги
“Дарбент” маҳалласи раиси.